Самарқандда Имом Мотуридий инновацион музейи ташкил этилади

Конференция. ИЦМ фотосурати

Самарқандда Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси тақдим этилди. Ушбу музей илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимот 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилаётган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми доирасида бўлиб ўтди.

Музей лойиҳаси «Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва маърифат пойдевори» халқаро конференциясида тақдим этилди. Музей Самарқандда янгиланадиган Имом Мотуридий мажмуасининг бир қисмига айланади.

Тақдимотда маълум қилинишича, ишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Мажмуа ҳудуди ва унга туташ тарихий Чокардиза қабристонида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда.

Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида ислом ҳуқуқшунослиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.

Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланган илмий материаллар асосида Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Экспозицияларни замонавий дизайн ечимлари, рақамли технологиялар ва интерактив форматлардан фойдаланган ҳолда яратиш режалаштирилган.

Марказнинг етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, экспозиция ислом ақидаси ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига мотуридийлик таълимотининг тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи, шунингдек, аллома меросини ўрганиш бўйича замонавий тадқиқотларга бағишланади.

“Музейнинг асосий мақсади Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини замонавий технологиялар воситасида кенг жамоатчиликка етказишдир. Барча экспозициялар ишончли тарихий манбаларга таяниб яратилмоқда. Интерактив ечимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат экспонатларни томоша қилади, балки алломанинг ҳаёти, илмий мактаби ва мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўлади. Бу музей келгусида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланади”, — деди Ихтиёр Абдураҳмонов.

Форум иштирокчиларининг фикрича, ушбу лойиҳа Имом Мотуридийнинг илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга, зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳамда ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ