Ўзбекистонда биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади

Ислом цивилизацияси маркази. kun.uz фотосурати

Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида 2026 йил 7–11 июль кунлари биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Форум мавзуси — «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли». Тадбирда 40 дан ортиқ давлатдан 300 га яқин хорижий меҳмонлар, олимлар, уламолар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Форумнинг асосий мақсади — халқаро жамоатчиликка исломни тинчлик, илм-фан, маърифат, бағрикенглик ва инсонпарварлик дини сифатида намоён этишдир.

Тадбир доирасида илмий муҳокамалар, халқаро кўргазмалар, ноёб қўлёзмалар тақдимотлари ҳамда ислом цивилизацияси меросига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятига ва Мовароуннаҳр тарихи билан боғлиқ мутафаккирларнинг илмий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумга тайёргарликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом цивилизацияси марказини янада ривожлантириш режалари муҳокамаси чоғида маълум қилинганди. Шунингдек, тайёргарлик ишлари Қоҳирадаги Grand Egyptian Museumда ўтказилган халқаро тақдимот давомида ҳам муҳокама қилинганди. Унда Марказ раҳбарияти мисрлик олимлар, тадқиқотчилар, музейлар ва академик муассасалар вакилларини форумда иштирок этишга таклиф қилганди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ