Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида XIV асрга мансуб Ғазнавийлар тарихига оид қўлёзма тақдим этилди

«Таржимаи Яминий». ИЦМ фотосурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Ғазнавийлар сулоласи тарихига бағишланган «Таржимаи Яминий» қўлёзмаси тақдим этилди. Марказ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур нусха 1311 йилда, асарнинг форс тилига таржима қилинганидан тахминан бир аср ўтгач кўчирилган.

«Таржимаи Яминий» — араб тарихчиси Абу Наср Муҳаммад ибн Абдулжаббор ал-Утбий томонидан араб тилида ёзилган «Тарихи Яминий» асарининг форс тилига таржимасидир. Таржимани Носиҳ ибн Зафар ал-Журбадконий 1206–1207 йилларда амалга оширган.

Асарда Ғазнавийлар давлатининг асосчиси Сабуктегин (977–997) ва унинг ўғли Маҳмуд Ғазнавий (998–1030) ҳукмронлиги давридаги воқеалар тасвирланган. Асар 1021 йилгача бўлган воқеаларни қамраб олади. Жумладан, Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳинд субконтинентига қилган юришлари, шунингдек, Ғазнавийларнинг Сомонийлар ва Бувайҳийлар билан муносабатлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ал-Утбий Султон Маҳмуднинг котиби бўлиб хизмат қилган ва ўзи тасвирлаган воқеаларнинг айримларига гувоҳ бўлган. Ал-Журбадконий таржима жараёнида асл матнни Салжуқийлар ва Отпабеклар тарихи ҳақидаги маълумотлар, шеърий парчалар ҳамда ўз изоҳлари билан тўлдирган. Шу туфайли форсча нусха вақт ўтиши билан мустақил тарихий-адабий ёдгорлик аҳамиятини касб этган.

Тошкентда тақдим этилган қўлёзма ҳижрий 711 йил ражаб ойининг 11-куни — 1311 йил 30 ноябрда — Эрон ҳудудида, Илхонийлар ҳукмронлиги даврида тугалланган. Форс тилидаги матн қоғозга насх хатида қора ва жигарранг сиёҳлар билан ёзилган.

Қўлёзма 154 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифада 19–21 қатордан жой олган. Муқоваси жигарранг чармдан тайёрланган. Марказ маълумотларига кўра, қўлёзманинг бошланғич қисми, хусусан, 27б-вараққача бўлган матн айрим хусусиятларига кўра қўлёзмаларни безатишдаги Хуросон услубига яқин.

Ғазнавийлар — X–XII асрларда ҳозирги Афғонистон, Эрон, Марказий Осиё ва Ҳинд субконтинентининг шимолий қисми ҳудудларида ҳукмронлик қилган туркий сулола. Давлат энг катта қудратга Маҳмуд Ғазнавий даврида эришган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ