Қутқарувчилар Панж дарёсидан 17 июнь куни йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) раиси Алишер Мирзонаботнинг жасадини топишди. Унинг жасадини яқин қариндошлари тан олишган, деб хабар беради «Азия-Плюс» нашри Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ) маълумотига таяниб.
Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Ориф Нозимиённинг аниқлик киритишича, жасад 26 июнь куни, ҳодиса содир бўлган жойдан тахминан 20 километр пастроқда топилган.
Мирзонаботнинг жасади яқин қариндошлари томонидан тан олинган. Бироқ, марҳум шахсини аниқ идентификация қилиш жараёни тегишли суд-тиббий экспертиза ўтказилганидан сўнггина якунланади.
ФВҚ маълумотига кўра, аввалроқ бошқа бир ҳалок бўлган шахснинг жасади ҳам топилган, эҳтимолга кўра, у Бадахшон раҳбари ҳайдовчиси Сино Муборакшоевга тегишли. Унинг жасади ҳам ҳодиса содир бўлган жойдан тахминан 20 километр узоқда топилган.
Автомобилда ҳодиса вақтида беш нафар киши бўлгани сабабли қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Операцияда 200 нафар қутқарувчи, ФВҚнинг ихтисослаштирилган бўлинмалари ва бошқа давлат идоралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий аҳолидан кўнгиллилар иштирок этмоқда. Қидирув ишлари дарё юзасида ҳам, сув остида ҳам олиб борилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси 17 июнь куни содир бўлган. Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, Toyota Land Cruiser хизмат автомобили ҳайдовчиси Душанбe — Хоуғ трассасида юқори тезликда ҳаракатланган. Дарвоз туманидаги Зигар ва Яхчисар қишлоқлари орасида у бошқарувни йўқотиб, муҳандислик-чегара иншоотларига урилиб кетган. Автомобиль иккита устунни уриб, сим тўсиқни бузиб ўтиб, Панж дарёсига қулаб тушган.
Ҳодиса вақтида машинада Тоғли Бадахшон раҳбари Алишер Мирзонабот, унинг турмуш ўртоғи ва икки ёшли қизи, шунингдек, ҳудуд раҳбарининг ёрдамчиси Садоншо Джаналбишоев ҳамда ҳайдовчи Сино Муборакшоев бўлган.
17 июнь куни президент Эмомали Раҳмон, парламент вакиллари ҳамда бир қатор бошқа мансабдор шахслар ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиришган. Шу куни қидирув-қутқарув операцияси бошланган.
Таъкидлаш жоиз, журналист Анора Саркорова ушбу фожиали воқеада марказий саволни кўтарадиган бир нечта “ғалати тафсилотлар ва қарама-қарши фикрлар” га эътибор қаратади: бу бахтсиз ҳодисами ёки вилоят ҳокими ўлдирилганми?
Жумладан, унинг эътиборини шу нарса жалб қилганки, Мирзонабот ва унинг ҳамроҳларининг жасадлари ҳали топилмаган бўлса-да, ҳокимият уларни аллақачон ҳалок бўлган деб эълон қилган. Бундай ишонч қаердан пайдо бўлди, ахир ҳатто шиддатли дарёда омон қолиш деярли имконсиз деб фараз қилинса ҳам, қидирув ишлари давом этаётган пайтда умид сақланиб қолади, дея таъкидлайди журналист.



