Қурултой (парламент) депутатлари онлайн-платформалар, оммавий ахборот воситалари ва интернет-контент муаллифларига янги талабларни назарда тутувчи иккита тузатишлар пакетини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда Exclusive.kz хабар беради.
Таклифлар қаторида 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш, ҳақоратли сўзлар (сўкиниш) учун жавобгарлик ва ОАВ нашрларида давлат органларининг расмий жавобларини мажбурий маркировкалаш бор. Қонун лойиҳалари республика президентининг топшириғи ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Улар қонунчиликка, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади.
Тузатишлардан бири 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутади.
Бундан ташқари, ваколатли орган обуначилари сони беш мингдан ортиқ бўлган онлайн-платформа фойдаланувчилари реестрини юритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Алоҳида нормалар қонунга хилоф контентни тарқатганлик учун жавобгарликка тегишлидир.
Онлайн-платформалар бундай материалларни жойлаштирганлик учун, уларнинг Қозоғистондаги ваколатхоналари эса ваколатли органнинг қонунга хилоф ахборотни ўчириш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунингдек, онлайн-платформаларнинг ваколатхоналари Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ ҳисоб рўйхатидан ўтишга мажбур бўлади.
Тузатишларнинг яна бир блоки уятли ва ҳақоратли сўзлардан фойдаланишга тааллуқлидир. Сўкиниш учун жавобгарликни ҳам оммавий ахборот воситалари, ҳам онлайн-платформалар учун белгилаш таклиф этилмоқда. Расмийларнинг интернетда ҳақоратли сўзлар ишлатилгани учун жарималар жорий этиш нияти ҳақида мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов ўтган ёздаёқ айтган эди. Амалиётда Қозоғистондаги ижтимоий тармоқлар ва стриминг платформалари фойдаланувчилари ҳозирнинг ўзидаёқ майда безорилик моддаси бўйича сўкинганлик учун жавобгарликка тортилмоқда. Бироқ таклиф этилган тузатишлар МЖтКнинг тегишли моддаси амал қилишини бевосита оммавий ахборот воситаларида, жумладан электрон нашрларда сўкиниш ҳолатларига нисбатан ҳам татбиқ этиши керак.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида қоидабузарликни такроран содир этганлик учун 100 соатгача жамоат ишлари ёки 30 суткагача қамоқ жазоси кўзда тутилгани алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, тузатишларда ОАВ нашрларида давлат органларининг расмий жавобларини мажбурий маркировкалаш назарда тутилган. Муҳокама чоғида депутат Марат Шибутов бундай маркировка нима учун кераклиги ва у қандай кўринишда бўлишини тушунтиришни сўради. Бунинг ёрдамида ўқувчилар идораларнинг расмий жавобларини таҳририятнинг муаллифлик матни ҳамда журналистик шарҳлардан фарқлай олиши тахмин қилинмоқда.
Маркировкалашнинг якуний тартиби ҳали белгиланиши керак.
Бундан ташқари, эркин фойдаланиш мумкин бўлган каналлар рўйхатига киритилган теле- ва радиоканаллар тегишли рўйхатга киритилганидан кейин 30 календарь кун ичида эфирга узатишни бошлаши шарт бўлади. Қонунчиликда шунингдек «аудиовизуал платформа» тушунчаси пайдо бўлади ва унинг операторлари ишлаш қоидалари белгиланади.
Янги талаблар таълимий контент яратувчиларига ҳам тегишли бўлади. Муаллифлар курслар ва ўқув дастурлари материалларини эълон қилишда маълумоти ҳақидаги маълумотларни кўрсатиши ҳамда малакасини диплом ёки сертификат билан тасдиқлаши шарт бўлади.
Яна бир ташаббус оккульт хизматларга тааллуқлидир. Қонун лойиҳасида уларнинг таърифини ғайритабиий, паранормал ёки илмий тасдиқланмаган қобилиятлар тўғрисидаги даъволарга асосланган хизматлар сифатида мустаҳкамлаш таклиф қилинмоқда.
Бундай хизматлар ҳақидаги нашрларда ахборот кўнгилочар хусусиятга эга экани ҳамда илмий ёки амалий тасдиққа эга эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш бўлиши шарт.
Тузатишлар ҳозирча фақат биринчи ўқишда маъқулланди. Узил-кесил қабул қилингунга қадар уларнинг қоидалари ўзгариши мумкин.



