Қирғизистон парламентида кўриб чиқилаётган трансгендерликка ўтиш ва ҳужжатларда жинсни ўзгартиришни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси жинс ўзгаришини юридик тан олишни тақиқлайди, гендерни тасдиқловчи* тиббий ёрдамни тўлиқ ман этади ҳамда трансгендерларга нисбатан камситиш ва зўравонлик хавфини оширади. Бу ҳақда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти маълум қилди.
4 июнь куни биринчи ўқишдан ўтган мазкур ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишларда ҳам маъқулланиши, шундан сўнг эса президент томонидан имзоланиши керак. Ҳуқуқ ҳимоячилари парламент қонунни 30 июнь куни тугайдиган сессия якунлангунга қадар тезлаштирилган тартибда қабул қилиб, уни тўлиқ муҳокамаси учун вақт қолдирмаслиги мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
«Ушбу қонун лойиҳаси трансгендер инсонлар ҳақидаги хавфли афсоналарга асосланган бўлиб, уларнинг ҳаётига тезда жиддий зарар етказади. У одамларни ҳуқуқий тан олиш имкониятидан маҳрум қилади, уларни жамият четида қолдиради ҳамда камситиш ва зўравонликка нисбатан заиф ҳолатга тушириб қўяди. Парламент бу лойиҳани сўзсиз рад этиши керак», — деб ҳисоблайди Сийнат Султаналиева.
Human Rights Watch ташкилоти эслатишича, 2020 йил августига қадар Қирғизистонда «транссексуализм» тиббий ташхисига эга шахс ўзи танлаган гендерни маъмурий тартибда ҳуқуқий тан олиш мумкин эди, аммо парламент бу нормани қонунчиликдан чиқариб ташлади. Шундан бери трансгендер шахслар ҳужжатлардаги гендер белгисини фақат суд орқали ўзгартиришлари мумкин.
2024 йили ҳукумат 25 ёшдан кичик шахслар учун гендерни тасдиқловчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини чеклаган эди. Янги қонун лойиҳаси суд орқали мурожаат қилиш имкониятини ҳам бекор қилади, шунингдек гормонал терапия ва жарроҳлик амалиётларини ўз ичига олган ҳар қандай ёрдамни тўлиқ тақиқлайди. Фақат «туғма аномалиялар» учун истисно назарда тутилган бўлиб, бу, эҳтимол, интерсекс болаларда уларнинг розилигисиз амалга ошириладиган операцияларни англатади.
Қонун лойиҳаси ота-оналарни фарзандларини қатъий равишда уларнинг «биологик жинси»га мувофиқ тарбиялашга мажбур қилади ҳамда «вояга етмаганларда гендер ўзлигини ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар»ни тақиқлайди. Болалар нафақат тиббий ёрдамдан, балки психологик қўлмакдан ва гендер идентификацияси ҳақидаги маълумотлардан ҳам маҳрум этилади.
Human Rights Watch ташкилоти бу ҳолатдан хавотир билдириб, ҳужжатлардаги маълумотлар шахснинг гендер идентификациясига мос келмаслиги трансгендер инсонлар учун ишга жойлашиш, уй-жой топиш ва таълим олишда камситиш хавфини оширишини, шунингдек таъқиб, зўравонлик ва товламачиликка учраш эҳтимолини кучайтиришини таъкидлади.
БМТнинг жинсий ориентация ва гендер идентификацияси масалалари бўйича мустақил эксперти гендерни ҳуқуқий тан олмаслик жисмоний зўравонлик, руҳий зарар, асоссиз ҳибсга олиш ва қийноқ ҳолатларининг кўпайишига олиб келишини қайд этган.
HRW таъкидлашича, болаларга оид мазкур қоидалар Қирғизистон Конституцияси ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларига зиддир. Бола манфаатларини устувор қўйиш тамойили тиббий ёрдам ва ахборотни қонун йўли билан тақиқлаш билан уйғунлаша олмайди. Қонун лойиҳаси амалда трансгендер болалар ва ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда жинсий-маърифий таълим беришни жиноийлаштиради.
Гендерни ҳуқуқий жиҳатдан тан олишни тақиқлаш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларини, хусусан ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниш ҳуқуқи ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини бузади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси давлатларга ўзини ўзи идентификация қилиш тамойили асосида соддалаштирилган ҳуқуқий тан олиш тартибларини жорий этишни бир неча бор тавсия қилган.
БМТнинг аёлларга нистабан дискриминацияни йўқ қилиш қўмитаси 2015 йили трансгендер аёллар учун гендер белгисини расман ўзгартириш тартиби мавжуд эмаслигидан хавотир билдирган эди. 2021 йили эса у Қирғизистон ушбу ҳуқуқни қайта тиклаши кераклигини таъкидлаганди.
Гендерни тасдиқловчи тиббий ёрдамни тўлиқ тақиқлаш Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддасида белгиланган инсоннинг эришиши мумкин бўлган энг юқори даражадаги соғлиққа бўлган ҳуқуқини бузади. 2024 йили Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистондаги камситувчи чекловларга эътибор қаратиб, бундай тўсиқларни бартараф этишни талаб қилганди.
2025 йил февраль ойида Қирғизистон БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида мамлакатда трансгендер шахсларнинг ҳуқуқлари, жумладан тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи таъминланаётганини маълум қилганди. Бироқ, 2026 йил 15 май куни БМТ экспертлари янги қонун лойиҳасининг мақсад ва қоидалари Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
HRW таъкидлашича, халқаро ҳамкорлар, айниқса Европа Иттифоқи, мазкур масалаларни икки томонлама муносабатларда кўтариб чиқишлари лозим. Чунки БМТ шартномалари талабларини бажариш Қирғизистоннинг иқтисодий ва сиёсий алоқаларни яқинлаштириш бўйича зиммасига олган мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
ℹ️ Трансгендерликка ўтиш ва ҳужжатларда жинсни ўзгартиришни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси қуйидаги қоидаларни ўз ичига олади:
▪️ жисмоний шахснинг жинси фақат туғилган вақтда туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида қайд этилган биологик (анатомик ва генетик) белгилари асосида белгиланади;
▪️ туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида қайд этилган жинснинг ўзгартирилиши тан олинмайди ва ушбу кодексда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг юзага келиши ёки тугатилиши учун асосларни, жумладан никоҳ тузиш, оналик ёки оталикни белгилаш билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатларни ўзгартирмайди.
▪️ вояга етмаган шахсларга нисбатан уларнинг жинсий ўзлигини англашини ўзгартиришга ёки туғилганда қайд этилган жинсни ўзгартириш мумкинлиги ҳақида тасаввур шакллантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар, шу жумладан шу мақсаддаги тиббий, жарроҳлик ва психологик аралашувлар тақиқланади. Ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) болаларни туғилганда берилган биологик жинсига мувофиқ тарбиялаши ва уларнинг жисмоний ҳамда руҳий соғлиғини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриши, жумладан жинсни ўзгартиришга қаратилган аралашувлардан асраши шарт;
▪️ бир хил биологик жинсга мансуб шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
*Гендерни тасдиқловчи тиббий ёрдам (gender-affirming health care) — халқаро ҳуқуқ ва тиббиётда қабул қилинган атама бўлиб, инсоннинг жисмоний ва ижтимоий хусусиятларини унинг гендер идентификациясига мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий, психологик ва ижтимоий чора-тадбирлар мажмуини англатади.



