ОАВ: Толиблар аёлларга касалхоналар ва давлат идораларига паранжисиз киришни тақиқлади

8am.media сайти фотосурати

Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати аёлларга давлат идораларига бурқа ёки паранжисиз киришни тақиқлади. Ушбу қоида касалхонага ташриф буюриш чоғида ҳам амал қилади, деб хабар беради 8am.media нашри мамлакатдаги ўз манбаларига таяниб.

Манбаларга кўра, паранжи ёпинмаган аёлларга Никоҳ идораси, Таълим вазирлиги ва Қамоқхона маъмуриятига кириш тақиқланади. Ҳирот вилоятида камида 50 нафар аёл маҳаллий таълим бошқармасига паранжисиз кириш тақиқланганидан шикоят қилгани маълум.

Бундан ташқари, ОАВ хабарларига кўра, толибларнинг янги кўрсатмаси аллақачон бир нечта вилоятларда амалга оширилмоқда. Унинг мақсади аёлларни паранжи кийишга мажбурлашдир.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги Ёрдам Миссияси ходимлари тасдиқланишича, радикал ҳаракат буйруғи билан юзлари очиқ аёлларнинг касалхоналарга кириши тақиқланган. Шу билан бирга, расмийлар шифокорларни бурқасиз ёки эркак ҳамроҳисиз келган аёлларни даволаслик борасида огоҳлантирган.

Ҳиротлик 68 ёшли, қон саратони ташхиси қўйилган аёл мисол қилиб келтирилади. Унинг ёши улуғ ва жиддий касаллигига қарамай, касалхонани қўриқлаётган толиблар уни шифокорларга учрашига рухсат беришмаган. Аёлнинг қариндошлари сўзларига кўра, уларнинг клиника дарвозаси олдида икки соатдан кўпроқ вақт туришига тўғри келган. Бемор паранжи ёпинганидан кейингина унга тиббий муассасага киришга рухсат беришган.

Шунингдек, баъзи вилоятларда аёллар учун ажрашиш тақиқлангани маълум, ҳатто бунинг сабаби оиладаги зўравонлик бўлса ҳам. Бундай вазиятга дуч келган афғон аёллари расмийлар уларга эрнинг хотинини калтаклаш ҳуқуқига эга эканини тушунтирганликларини ва бундай масалаларни судга бермаслик ҳақида огоҳлантирганликларини айтишади.

БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетт судлар ажралиш ва гендерга асосланган зўравонлик ишларини эътиборсиз қолдираётганини тасдиқлайди. Бордию, улар апелляцияларни кўриб чиқсалар ҳам, кўпинча эркаклар ёнини олишади, аёлларни «зино»да ёлғон айблаб, қамоққа ташлашади. Бундан ташқари, экспертнинг қўшимча қилишича, «Толибон» мамлакатнинг аввалги ҳукумати давридаги минглаб ажралишларни бекор қилган.

ℹ️ 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган биринчи ҳукмронлик давридагига қараганда кўпроқ вазмин сиёсат юритишга ваъда берганига қарамай, аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклай келишмоқда.

Радикал ҳаракат кўпчилик қизларнинг мактабга боришини тақиқлади ва давлат хизматида ишлайдиган аёлларга чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини ташкил этди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ