БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш механизмини тасдиқлади

nypost.com сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши (ИҲК) Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш бўйича мустақил механизмни маъқуллади, дея хабар беради ташкилот матбуот маркази.

Қарор 6 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтган йиғилишида овоз беришсиз ва Кенгашга аъзо давлатларнинг эътирозларисиз қабул қилинган.

Афғонистоннинг Женевадаги БМТ элчиси Носир Аҳмад Андиша ИҲК қарорини тарихий қадам деб атади.

«Бу халқаро ҳамжамият жиноятлар олдида жим турмаслигини англатади. Бу ҳеч бир давлатга «Толибон»*ни қўллаб-қувватлаётганини оқлаш учун ўрин қолдирмайди»— дея дипломат сўзларини келтиради Khaama Press.

Механизм Европа Иттифоқи ташаббуси билан қабул қилинган ва турли минтақалар ва сиёсий блоклар давлатларининг кенг коалицияси томонидан қўллаб-қувватланган резолюция доирасида яратилган. Унинг мақсади 2021 йил августида «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан кейинги даврдаги Афғонистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини тизимли равишда ҳужжатлаштириш ва текширишдан иборат.

Қарор жиддий қонунбузарликлар, жумладан қийноқлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва гендер асосидаги таъқиблар учун жавобгар шахсларга нисбатан келгусида юзага келиши мумкин бўлган суд жараёнлари учун далиллар тўплашни талаб қилади.

Ҳужжатда «Толибон» томонидан мунтазам равишда таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳаракатланиш эркинлигидан маҳрум бўлган аёллар ва қизларнинг аҳволига алоҳида эътибор қаратилган. Кенгаш бу ҳаракатларни «гендер асосидаги таъқиб» — инсониятга қарши жиноятни ташкил этувчи камситиш шакли сифатида баҳолайди. Механизм толибларнинг юқори мартабали раҳбарлари, вилоят губернаторлари ва ҳуқуқбузарлик ва репрессияларда гумон қилинган хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини текширади.

Резолюция, шунингдек, БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннет ваколатини бир йилга узайтиради. У ўзининг мониторинг ва омма олдида ҳисобот бериш мандатини сақлаб қолади ва янги механизм билан мувофиқлаштириш учун унга қўшимча ресурслар берилади. Беннет аввалроқ Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари «мисли кўрилмаган орқага қайтиш»га дучор бўлаётганини таъкидлаган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Human Rights Watch янги механизмнинг ўрнатилишини олқишлаб, уни жабрланувчилар учун адолатга эришиш йўлидаги муҳим ютуқ деб атади. HRW резолюция афғон ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Афғонистондаги тизимли жазосиз қолишларни тўхтатиш ҳақидаги кўп йиллик чақириқларига жавоб бўлганини таъкидлади. 2025 йил август ойида афғон ҳуқуқ ҳимоячиларининг HRD+ тармоғи бошчилигидаги коалиция 108 афғон ва халқаро ташкилотлар кўмагида тўрт йиллик кампанияни якунлаб, тергов механизмини яратиш чақириғини қайта эълон қилди. Ўтган бир йил давомида БМТ экспертлари ва турли минтақалардаги давлатлар ушбу ташаббусга қўшилди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ