Россия дунёда биринчи бўлиб Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди

Толиблар Москвадаги элчихонада янги байроқни ўрнатдилар. ТАСС фотосурати

Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган дунёда биринчи давлат бўлди, Афғонистоннинг Москвадаги элчихонасида «Толибон» ҳаракати томонидан жорий этилган байроқ ўрнатилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, ТАСС хабар берди.

Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирновнинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таклифи билан Афғонистон Ислом Амирлигини тан олиш қарорини қабул қилган.

«Россия президенти томонидан ТИВ раҳбари таклифига асосан қабул қилинган ушбу қарор Россия Федерациясининг Афғонистон билан тўлақонли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган самимий интилишидан дарак беради. Бундан 100 йил аввал мамлакатимиз Афғонистон мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб тан олган эди. Буларнинг барчаси афғон халқига дўстона муносабатда эканлигимиздан далолатдир», — деди Жирнов «Россия 1» телеканали эфирида.

«Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукуматини расман тан олиш тўғрисидаги акт мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга туртки бўлишига ишонамиз.
Биз савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини кўряпмиз, бунда энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз Кобулга минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм таҳдидлари ва наркотиклар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ёрдам беришда давом этамиз.
Маориф, спорт, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштириш халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш учун муҳим омил ҳисобланади», — дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Афғонистон ТИВ хабарига кўра, Жирнов Россия ҳукуматининг Афғонистон Амирлигини тан олиш ҳақидаги қарорини толиблар ҳукумати Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан учрашувда расман етказган. Жирнов бу қарорни Афғонистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган тарихий қадам деб атади.

Муттақий, ўз навбатида, Россиянинг тан олинишини олқишлаб, буни икки давлат ўртасидаги ижобий муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамкорликнинг янги босқичининг бошланиши деб таърифлаган. Бу қадам икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлиб, бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Афғонистон эличи Гул Ҳассан ва РФ ТИВ ўринбосари Андрей Руденко. mid.ru сайти фотосурати

Москвадаги элчихона ходимлари 3 июль куни уч рангли байроқ ўрнига кўтарган Афғонистоннинг оқ рангдаги янги байроғида ягона Аллоҳга иймон келтирувчи шаҳада сўзлари битилган.

Афғонистоннинг Россиядаги янги элчиси Гул Ҳассан 1 июль куни Москвага келган. Икки кундан сўнг Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ундан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилди.

ℹ️ Толиблар 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритди ва шундан бери дунёда ўз ҳукуматини тан олишга ҳаракат қилишмоқда. Ўша йилнинг октябрь ойида президент Владимир Путин Россия «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқаётганини, бироқ бу масалани биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳал қилиши кераклигини айтганди. Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Иккинчи Осиё департаменти директори Замир Кабулов Россия расмийлари томонидан толибларни тан олиниши «де-факто содир бўлаётганини» айтганди. Ўшандан бери тақиқланган ҳаракат вакиллари мунтазам равишда Россияга ҳам амалий, ҳам шахсий ташриф буюришади.

17 апрель куни Россия Олий суди Бош прокуратуранинг «Толибон» ҳаракатига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди ва уни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор чиқарди. 4 июль ҳолатига кўра, «Толибон» Россия томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда, бироқ бу ҳаракат фаолиятини тақиқлаш тўхтатилганлиги ва РФ Олий суди қарори 2025 йил 20 майдан кучга кирганлиги қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ