Эрон ҳукумати Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айблаб кўплаб афғон муҳожирларини ҳибсга олмоқда

khybernews.tv сайти фотосурати

Эронда сўнгги ҳафталарда афғон муҳожирларига нисбатан кескин чоралар кўрилди, ўнлаб хорижликлар Исроил фойдасига жосуслик ва қўпорувчилик қилганлик айбланиб ҳибсга олинди, дея хабар беради Khybernews.

Эрон Ички ишлар вазири Эскандер Моменининг айтишича, баъзи муҳожирлар мамлакатга «ёвуз ниятлар» ва «аниқ мақсадлар», жумладан, Исроил фойдасига қўпрорувчилик қилиш учун кириб келган.

Эрон-Исроил уруши бошланганидан бери Эрон хавфсизлик кучлари ўнлаб афғон, ҳинд ва ироқликларни қўпорувчилик ёки жосусликда гумон қилиб ҳибсга олган. IranWire маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари муҳожирлар жойлашган меҳмонхоналарда рейд ўтказиб, хорижликлардан иборат гуруҳларни қўлга олган. Айрим ҳолларда афғон муҳожирларидан тазйиқ остида олинган иқрорлар давлат оммавий ахборот воситаларида эфирга узатилган. Ҳибсга олинганлар расмий сони ошкор этилмаган, бироқ Эрон расмийлари уруш бошланганидан бери Исроил фойдасига жосуслик қилганлик айби билан камида 700 кишини ҳибсга олганини айтмоқда.

Сўнгги кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари рейдлар ўтказиб, афғонлардан мобил телефонларини мусодара қилган, эвазига квитанция бериб, қурилмаларни бир неча ҳафта ичида қайтариб беришни ваъда қилишган. Шунингдек, метро каби жамоат жойларида қонуний яшаётган чет эл фуқароларидан ҳам телефонлар мусодара қилинган.

Теҳрон бўйлаб полиция постлари кўпайтирилган. Ҳибсга олинганлар ва депортация қилинганлар сони кескин ошган – Теҳрон вилояти губернатори сўзларига кўра, 3-4 бараварга. Ҳиротдаги «Толибон»* вакиллари биргина 25 июнь куни Эрондан 30 мингдан ортиқ афғон муҳожирлари қайтиб келганини тасдиқлаганлар.

Эрондаги кўплаб афғонлар ҳибсга олиниш, депортация бўлиш ёки таъқиблардан қўрқиб, уйларини тарк этишдан, ишга боришдан ёки жамоат транспортларидан фойдаланишдан қўрқишмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг айтишича, Эрондаги афғон муҳожирлари узоқ вақтдан бери камситишларга дуч келиб яшашади, бироқ Яқин Шарқдаги можаро авж олганидан сўнг вазият кескин ёмонлашган. Жосусликда айблаш ва афғонларни оммавий ҳибсга олишлар биринчи марта содир бўлмоқда. Давлат оммавий ахборот воситалари ва расмийлар авваллари мунтазам равишда афғон муҳожирларини мамлакатнинг иқтисодий муаммоларида айблаб келган бўлсалар, энди улар жосусликда, бомба қўйишда ва Исроил разведкаси топшириғага кўра дронларни бошқаришда айбланмоқда.

27 июнь куни Эрон ОАВлари Эрон полицияси барча ноқонуний яшаётган афғон муҳожирларини депортация қилиш бўйича буйруқ олганини хабар қилган. Уларга хонадонини ижарага берган уй соҳиблариниг мулклари мусодара қилиниши мумкин.

Эрон Бош прокурори Муҳаммад Моваҳеди Азад барча ноқонуний яшаётган чет эл фуқароларини, айниқса афғонларни зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирган, акс ҳолда уларни ҳуқуқий жавобгарлик кутаётганидан огоҳлантирган. У Эронда қонуний яшаётган муҳожирларни Исроил билан ҳамкорликда гумон қилинганлар ҳақида хабар беришга чақирган.

ℹ️ Турли маълумотларга кўра, Эронда 5 миллиондан 8 миллионгача афғон муҳожирлари истиқомат қилади, уларнинг аксарияти «ноқонуний» яшаётган ҳисобланади. Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, биргина ўтган ҳафтанинг ўзида 88 мингдан ортиқ афғон мамлакатдан чиқариб юборилган.

*Кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ