Россия компанияси толиблар билан Афғонистонда нефть қазиб олиш бўйича шартнома имзолади

Толиблар делегацияси иштирокчилари. ria.ru сайти фотосурати

Россиянинг «Интеко Групп» энергетика компанияси «Толибон»* ҳаракати вакиллари билан Афғонистонда нефть қазиб олиш ва нефтни қайта ишлаш заводи қуриш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Битим толибларнинг Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизий ва «Интеко Групп» вакиллари томонидан 16-Қозон халқаро иқтисодий форуми доирасида имзоланган.

«Компания мутахассислари Афғонистонда геология-қидирув ишларини олиб борган. Ҳозир улар бурғулаш ишларини бошлаш арафасида. Параллел равишда танланган жойда нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши ҳам бошланади. Ушбу майдон зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган», — деди Россиянинг Афғонистондаги бизнес миссияси раҳбари Рустам Хабибуллин.

Форумда нефть қазиб олиш бўйича келишувдан ташқари, «Толибон» вакиллари ва россиялик тадбиркорлар транспорт, авиация ва савдо соҳаларида ҳамкорликка оид яна бешта англашув меморандумини имзолаганлар. Ушбу ҳужжатларнинг тафсилотлари ошкор этилмаган.

Бундан ташқари, Азизий Россия компанияларини тоғ-кон саноатига сармоя киритишга ва Афғонистондаги электр станциялари қурилишида иштирок этишга чақирди.

Делегацияга бошчилик қилган толибларнинг Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Ғани Барадар Татаристон Президенти Рустам Минниханов ва Мордовия раҳбари Артем Здунов билан учрашувлар бўлиб ўтганини айтди. Барадарнинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини экспорт қилиш, божхона масалалари, шунингдек, ўзаро товар айирбошлашни оптималлаштириш чоралари кўрилган.

«Ушбу форум иқтисодий муносабатларимизда янги саҳифа очди», — деди вазир ўринбосари толиблар делегациясининг Қозонга ташрифи якунларини сарҳисоб қиларкан.

Amu нашрининг таъкидлашича, Барадарнинг Россиядаги форумда иштирок этиши халқаро эътиборни тортди, чунки амалдор Абдул Аҳад Турк номи билан БМТнинг санкциялар рўйхатида қолмоқда. 2001 йили рўйхатга олинган Барадар аввал «Толибон»нинг биринчи режими даврида юқори лавозимларда ишлаган, жумладан, мудофаа вазири ўринбосари ва ҳарбий қўмондон вазифаларида. У НАТО кучлари ва ўша пайтдаги Афғонистон ҳукуматига ҳужум уюштиришда катта роль ўйнаган. Барадар ўзининг аҳамиятсиз бўлиб кўринган лавозимига қарамай, 2021 йили радикал ҳаракат Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери толибларнинг асосий сиёсий арбобларидан бири бўлиб қолмоқда.

*14 май ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ