Толиблар Россиядан Саланг туннелини реконструкция қилишда иштирок этишни сўради

Саланг довонидаги туннел. varlamov.ru сайти фотосурати

«Толибон»* ҳаракати назоратидаги Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги раҳбари Муҳаммад Исо Сани Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов билан Саланг шоссесини реконструкция қилиш ва янги туннел қуриш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Афғонистон вазирлиги матбуот марказига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Томонлар, шунингдек, Россиядан асбоб-ускуналар, машиналар, қурилиш материаллари, битум, темир йўл қисмлари ва бошқа материалларни харид қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Россия элчиси ўз мамлакатининг ушбу соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди», — дейилади хабарда.

Эндиликда вазирлик делегацияси амалий ташриф билан Россияга боришни режалаштирмоқда.

👉 Эслатиб ўтамиз, Россия стратегик йўл иншоотлари, жумладан, Саланг туннелини реконструкция қилишда ёрдам беришни 2017 йилдаёқ таклиф қилган, бироқ лойиҳалар ҳеч қачон амалга ошмаган. 2022 йили туннелда ёқилғи ташувчи танкер портлаб, 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

ℹ️ Саланг туннели Афғонистоннинг жануби ва шимолини боғловчи муҳим логистика артерияси ҳисобланади. У 1958-1964 йиллари худди шу номдаги довон ҳудудида совет мутахассислари томонидан қурилган. 1976 йили туннел электрлаштирилган ва унда вентиляция тизими ўрнатилган. Автотранспорт ҳаракати бир томонлама бўлган. Туннел кучли вентиляция тизими билан жиҳозланмаганлиги сабабли, унда вақти-вақти билан одамларнинг чиқинди газлардан заҳарланиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар рўй бериб турган. Шундай қилиб, 1980 йил 24 февралда у ерда 19 совет аскари ҳалок бўлган ва 1982 йили ёнғинга олиб келган автоҳалокат натижасида камида 178 киши, шу жумладан 46 совет аскари ва офицерлари ҳалок бўлган.

1998 йили Кобулдан чекинаётган Аҳмадшоҳ Масъуд қўшинлари толибларнинг Афғонистон шимолига кириб боришига йўл қўймаслик учун туннелни портлатиб юборган эди. 2001 йили Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари ёрдамида туннел қисман тикланган, бироқ кейинчалик иш тўхтатилган. Толиблар ишларни 2021 йил сентябрида қайта тиклашган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ