Афғонистонда Рамазон ҳайити арафасида 2500 га яқин маҳбус озод этилди

Ariana News сайти фотосурати

Афғонистон Олий суди 29 март куни Рамазон ҳайити арафасида 2463 нафар маҳбус озод этилганини эълон қилди. Яна 3152 маҳбуснинг жазо муддати қисқартирилди, деб хабар беради Khaama.

«Мамлакат бўйича жами 5615 маҳбус озод қилинди ёки уларнинг жазо муддати қисқартирилди», — дейди Олий суд матбуот котиби Абдул Раҳим Рашид.

Қайд этилишича, афв этиш тўғрисидаги фармойиш «Толибон»* ҳаракати етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзода томонидан Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) муносабати билан хайрихоҳлик белгиси сифатида чиқарилган. Бироқ, озодликка чиқарилган шахсларнинг жиноятлари ва айбловлари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Рамазон ҳайити шарафига афв этиш анъанага айланган. 2024 йили толиблар 2800 маҳбусни озод қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 2460 нафарни ташкил этган.

ℹ️ Қамоқхона маъмуриятига кўра, толиблар* бошқарувидаги қамоқхоналарда 11 000 дан 12 000 гача маҳбуслар, жумладан, мингга яқин аёл ва 900 га яқин вояга етмаганлар сақланади. Яна бир неча минг киши суд ҳукмини кутмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари толибларни инсон ҳуқуқларини бузишда, жумладан, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар ва маҳбусларга нисбатан қўпол муомала қўлланишида айблаб келади. Айрим маҳбусларнинг озод этилиши вазиятни юмшатиш йўлидаги қадам сифатида қаралиши мумкин, аммо халқаро ҳамжамият афғон қамоқхоналарида шаффофликни ошириш ва шароитларни яхшилашга чақиришда давом этмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ