Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаотада норасмий учрашув ўтказди. Томонлар бундай тадбирлар давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш учун фикр алмашишга яхши имконият яратишини таъкидладилар, деб хабар беради Тўқаев матбуот хизмати.
29 март куни Тўқаевнинг Олмаотадаги қароргоҳида икки республика раҳбарлари кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, унда Мирзиёевга ташрифи учун миннатдорлик билдирилди, бундай учрашувлар яхши анъанага айлангани таъкидланди.
«Бу қардош, дўст давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида қандай иш олиб бораётганимиз юзасидан ишчан муҳитда фикр алмашиш учун жуда яхши имкониятдир. Иттифоқчиларимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги вазият кўп жиҳатдан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланишига боғлиқдир», — деди Тўқаев.
Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, ҳамкасбига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш учун мулоқот ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.
«Шахсий муносабатларимиз шарофати билан кўп масалалар ҳал бўлмоқда, биз келишиб олган барча нарса амалга ошмоқда, реал натижалар бор. <…> Гарчи норасмий учрашув ўтказаётган бўлсак-да, ҳар бир бундай норасмий учрашув муносабатларимизга, барча келишувларимизга катта туртки бўлмоқда», — дея хулоса қилди Мирзиёев.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, сармоявий, энергетика ва сув соҳалари, шунингдек, саноат кооперацияси ва туризм каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Жорий йил бошидан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 фоизга ўсгани, 4 миллиард доллардан ортиқ сармоявий лойиҳалар портфели шакллантирилгани, ҳудудлараро алоқалар, маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётгани таъкидланди.
Музокаралар якунида президентлар Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклигини янада чуқурлаштиришга қатъий интилишларини таъкидладилар.
Мирзиёев Олмаотага ташрифи доирасида денгиз сатҳидан 1750 метр баландликда жойлашган «Медеу» тоғ-чанғи кластерига ташриф буюрди. Меҳмон Тўқаев билан биргаликда дам олиш масканини кўздан кечирди ва унинг тарихи билан танишди.
Давлат раҳбарлари AlmatyFair.ai рақамли технологиялар ва сунъий интеллект (СИ) кўргазмасига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда alem.ai СИ Маркази тақдимоти бўлиб ўтди.
Тўқаев ташаббуси билан яратилган Alem.ai — сунъий интеллект соҳасида мутахассисларни ўқитиш, стартапларни ишга тушириш ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун платформа ҳисобланади. Етакчилар Марказий Осиёдаги энг йирик технопарклар бирлашмаси — Central Asian Innovation Hubs фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олмаота шаҳрига ташрифнинг маданий дастури доирасида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Абилхон Кастеев номидаги Миллий санъат музейига ташриф буюрди. Халқ рассомлари – қозоқ тасвирий санъати асосчиси Абилхон Кастеев ва ўзбек рангтасвир устаси Ўрол Тансиқбоев асарлари томоша қилинди.
«Кўргазма Ўзбекистон ва Қозоғистон бой бадиий меросининг ёрқин ифодаси, икки қардош халқ ўртасидаги мустаҳкам маданий алоқаларнинг рамзи бўлди», — дейилади Мирзиёев матбуот хизмати хабарида.