КХШТ Бош котиби Европа қўшинларининг Украинага киритилишига доир хавф борасида огоҳлантирди

cmn.kz сайти фотосурати

Ғарб қўшинларининг Украина ҳудудига киритилиши минтақада хавфли вазиятни юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) бош котиби Имангали Тасмагамбетов «Известия» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

«Европа пойтахтларида Украинага ҳарбий контингент юбориш масаласи илк бор муҳокама қилинаётгани йўқ. Бироқ, бу контингентлар ҳали ҳам у ерда расман мавжуд эмас. Сабаби, бу минтақа миқёсида хавфли вазиятни юзага келтириши мумкин. Қолаверса, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги салбий ҳодисаларнинг кучайишидан чарчаган Европа мамлакатлари аҳолиси ўз ҳукуматларининг бундай қарорини маъқуллаши даргумон. Бу контингентлар ҳужумкор операцияларда қатнашмасдан, масалан, полиция ёки кузатув функцияларини бажарган тақдирда ҳам жамият елкасига қўшимча юк бўлади», — деди у.

Агар шундай хавфлар юзага келса, КХШТ ташкилотнинг низом ҳужжатларида кўзда тутилган ва барча аъзо давлатлар томонидан маъқулланган доирада ёрдам кўрсатишнинг турли вариантларини таклиф қилишга тайёр, дея таъкидлади Тасмагамбетов. Бироқ, у бундай ёрдамни айнан қайси давлат олишига аниқлик киритмаган.

Кейинроқ ташкилот матбуот котиби Наталья Харитонова КХШТ «бундай ёрдам сўраган ҳар қандай давлатга турли хил ёрдам вариантларини таклиф қилишга тайёр»лигини тушунтирган.

25 февраль куни Франция президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи ва ундан ташқаридаги кўплаб давлатлар Украинага қўшин киритишга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор тинчлик шартномаси имзолангандан кейин кафолатга айланиши мумкин. Кейинчалик Британия Бош вазири Кей Стармер ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко ТАСС агентлигига Москва Европа тинчликпарвар кучларининг Украина ҳудудига жойлаштирилиши ғоясига салбий муносабатда эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу эскалация сари қадамдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?

  • Энди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида