Қобулда юз берган терактда вазир вазифасини бажарувчи Халил Ҳаққоний ҳалок бўлди

Халил Ҳаққоний. amu.tv сайти фотосурати

Толиблар* ҳукуматида Қочқинлар ва репатриация вазири вазифасини бажарувчи Халил Раҳмон Ҳаққоний Кобулда юз берган портлашда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Amu.tv хабар берди.

Баъзи манбаларга кўра, портлаш Қочқинлар вазирлиги ҳудудида, бошқаларга кўра эса масжидда содир бўлган. Ҳаққоний билан бирга яна уч киши ҳалок бўлган – тахминан улар қўриқчилари бўлган.

58 ёшли Халил Раҳмон Ҳаққоний 2021 йил 7 сентябрдан буён Қочқинлар вазири вазифасини бажариб келган. У Ҳаққоний тармоғи асосчиси Жалолиддин Ҳаққонийнинг укаси ва «Толибон»* Ички ишлар вазири ва тармоқнинг амалдаги раҳбари Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакиси бўлган. Унинг оиласи узоқ вақтдан бери «Толибон» операциялари ва стратегиясида марказий роль ўйнаган.

2011 йили АҚШ Молия вазирлиги Халил Ҳаққонийни Афғонистон ва Покистондаги «Ал-Қоида» номидан ҳаракатларга алоқадор бўлганини таъкидлаб, уни ўта хавфли глобал террорчилар (SDGT) рўйхатига киритган. АҚШ ҳукумати Ҳаққонийнинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ваъда қилган.

*Ташкилот РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).