Ўзбекистон ва Қозоғистон Россия Газпромбанкининг UnionPay карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамда бир қатор бошқа мамлакатлар банклари Россиянинг «Газпромбанк»и томонидан чиқарилган UnionPay тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

25 ноябрь ҳолатига кўра, Марказий Осиёнинг икки постсовет республикасидан ташқари, Россия кредит ташкилотининг тўлов воситаларига Туркия, БАА, Венгрия, Таиланд, Ҳиндистон, Қатар, Ветнам, Жанубий Корея, Тунис, Аргентина, Жанубий Африка, Греция, Хитой ва Мўғулистонда хизмат кўрсатилмаган.

ТАСС агентлигининг ушбу мамлакатлардаги мухбирларига кўра, мижоз банкоматдан пул ечиб олмоқчи бўлганида техник хатолик ёки карта маълумотлари банк томонидан қўллаб-қувватланмаслиги ҳақида огоҳлантириш олади. Аниқлик киритилишича, масалан, Туркияда UnionPayга давлат ташкилотлари ҳам, хусусий молия институтлари ҳам хизмат кўрсатмайди. Шунингдек, бундай вазият Газпромбанкнинг шахсий ва корпоратив карталарига ҳам боғлиқ.

Россия агентлигининг эслатишича, 21 ноябрь куни АҚШ Молия вазирлиги ўнлаб жисмоний шахслар ва компанияларни, жумладан, Газпромбанкни ҳам қамраб олган янги санкцияларни жорий қилган. Шу муносабат билан, кредит ташкилоти мижозларни Россия Федерациясидан ташқарида UnionPay тизими карталари билан ишлашдаги қийинчиликлар ҳақида зудлик билан хабардор қилди ва яқин келажакда нақд пул ечишни тавсия қилди.

22 ноябрь куни Газпромбанк сайтида мавжуд тўлов воситалари рўйхатидан UnionPay картаси йўқолди. Бироқ, банк фойдаланувчиларни ишонтирганидек, карталар бутун Россия бўйлаб ишлашда давом этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ