Тошкентда бўлиб ўтган Маданий мерос ҳафталигида жаҳонга машҳур Қуръоншунос олим, Коллеж де Франс профессори, кодикология ва палеография соҳасидаги атоқли олим ва мутахассис, Фахрий легион ордени кавалери Франсуа Дерош Маданий мерос ҳафталигида халқаро «Қуръони карим» хаттотлик фестивалини ташкил этишни таклиф қилди.
Франциялик мутахассис бу ғояни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини шакллантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимотига бағишланган илмий форумда маълум қилди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда хаттотлик фестивалларини ташкил этиш тажрибаси бор. 2018 ва 2020 йиллари Тошкент шаҳрида «Ҳикматлар олами» республика хаттотлик фестивали бўлиб ўтганди. Дерош лойиҳани халқаро даражага олиб чиқишни таклиф қилди.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этди. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олди. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновацион музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.