Эрон Миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган хона пайдо бўлади. Бу ҳақда Халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида Эрон кутубхонаси вакили Ғуломирзо Амирхоний маълум қилди.
Амирхоний бу концепцияни Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини шакллантиришга доир лойиҳалар тақдимотига бағишланган форумда тақдим этди. Мазкур кутубхона бўлими тузилмалар ўртасида билим ва тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланиши режалаштирилган.
«Бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва коллекциялар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Эрон Миллий кутубхонаси ва архиви ихтисослаштирилган кўргазмалар, учрашувлар ва ўқув курсларини фаол ўтказмоқда. Кутубхона бошқа давлатлар билан меморандумлар имзолаш орқали халқаро ҳамкорлик мақомини оширишга ҳаракат қилмоқда. Икки томонлама келишувларга мувофиқ турли мамлакатларнинг кутубхона ва илмий муассасалари заллари ва марказлари ташкил этилган. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш умидидамиз», — деди Ғуломирзо Амирхоний.
Ўз навбатида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида Эрон Миллий кутубхонаси ва архив ҳужжатлари бурчаги ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этди. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олди. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновацион музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.