26 октябрь куни Ўзбекистонда қурилаётган Ислом цивилизацияси марказида (ИЦМ) «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусига бағишланган Халқаро маданий мерос ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда мутасаддилар, жумладан академик, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдухалимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўзга чиқди.
Сўнгра сўз мажлиснинг махсус меҳмони, Ўзбекистонга парламент сайловида кузатувчи сифатида келган Оксфорд ислом фанлари маркази директори Фархон Низомийга берилди.
«Маданий мерос ва тарих ҳақидаги билимлар бебаҳодир. Бугунги кунда аниқ шаклланган ушбу муждани инсониятга етказиш зарур. Бу ерда ва ҳозирги дамда содир бўлаётган воқеалар ўтмишда ҳам ўхшашликларга эга бўлган. Шуни ёдда тутишимиз керакки, ўтмишсиз келажакни қуриб бўлмайди. Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё маданий меросига қўшилган ҳиссасидир. Қилаётган ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Эсингизда бўлсин, сиз буни нафақат ўзингиз учун, балки барчамиз учун қиляпсиз. Ва бунинг учун сизга раҳмат айтаман. Шахсан Ўзбекистон Президентига бутун дунёда ислом фалсафасини қўллаб-қувватлашдаги иштироки учун ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман», – деди Фархон Низомий.
Сўнг Ислом цивилизацияси маркази Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари миннатдорчилик сўзлари билан чиқишди:
Сўз Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг фахрий меҳмонлари – Ислом цивилизацияси марказининг Мувофиқлаштирув, Васийлик, Халқаро эксперт ва Илмий кенгашлари аъзоларига берилди ва улар ўз ҳис-туйғулари билан ўртоқлашдилар, тилак ва тавсияларини билдирдилар. Жумладан, Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Акбар Ҳакимов, тадқиқотчи, Салжуқийлар университети профессори, доктор Мустафо Демирчи, «Вильмот» (Франция) компанияси ижрочи директори Борина Андрие, Давлат тарих музейи директори Жаннат Исмаилова, Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Турсунали Қўзиев ва Истанбул университети профессори доктор Эмек Ушенмез нутқ сўзладилар. Барча сўзга чиққанлар ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, Тошкентда ўтказилган Халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасидаги форумлар самарали ўтганини таъкидлашди, Ислом цивилизацияси маркази ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов якуний сўз билан чиқиш қилди. У ҳамкасбларига Тошкентда ўтказилган Маданий мерос ҳафталигидаги самарали фаолияти, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси атрофида бирлашгани учун миннатдорчилик билдирди. Абдухолиқов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев лойиҳаси бўйича Ислом мероси маркази музейи ва Имом ал-Бухорий инновацион музейи кўргазмасини ташкил этиш бўйича ҳамкасбларининг барча ғоялари атрофлича ўрганилишини таъкидлади. Шунингдек, Абдухолиқов йиғилганларни Ислом цивилизацияси марказининг режалари билан ҳам таништирди ва ёш авлодга «Ислом цивилизацияси маркази» лойиҳасини амалга оширишга қўшилиш таклифи билан мурожаат қилди.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этди. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олди. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновацион музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.