Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди

ОКТЯБРЬ ОЙИДА ЖАНУБИЙ КОРЕЯГА ИШЛАГАНИ КЕЛГАН БИР ГУРУҲ ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР. ТММА TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) фаолияти тугатилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди.

Ҳужжатга кўра, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси агентликка ўтказилади ва унинг негизида Миграция жамғармаси ташкил этилади.

Агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Жумладан, агентлик:

👉 фуқароларни хорижга ишлашга юбориш жараёнини назорат қилиш;

👉 хусусий бандлик агентликлари фаолиятини лицензиялаш;

👉 миграция соҳасида халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

👉 ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари тайёрлаш;

👉 хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш;

👉 Ўзбек диаспоралари ва ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш ишларини олиб боради.

ℹ️ Миграция агентлигига собиқ Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири, ТММА раҳбари Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида ТММАга Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги юқори даромадли меҳнат бозорини ўзлаштиришини жадаллаштириш бўйича топшириқ берганди. ТММА орқали хорижда меҳнат қилаётган республика фуқароларининг тақдирига ҳокимлар ҳамда дипломатик ваколатхоналар бирдек жавобгар бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ