Покистонлик олима ИЦМга Бобурийлар сулоласидаги аёлларнинг ролини ўрганишни таклиф қилди

Гулбадан бегим. Wikipediaдан олинган фотосурат

Покистоннинг Панжоб университети профессори Руҳшона Ифтихор Ўзбекистондаги маданий мерос ҳафталиги давомида Бобурийлар сулоласидаги аёлларнинг ролини ўрганишга қаратилган лойиҳаси билан иштиок этди.

Руҳшона Ифтихор «Бобурийлар давридаги аёлларнинг илмий-адабий мероси» номли лойиҳасида аёллар Бобурийлар даврида етарлича маълумотли ва ҳокимиятга эга бўлганини таъкидлайди.

«Ўз лойиҳам доирасида мен бир нечта жиҳатларни кўриб чиқишни режалаштирганман. Хусусан, булар Бобурийлар, Британия давридаги бобурийлар ва Ҳиндистондаги инглиз авлодларидир. Иккинчи жиҳат – Бобурийлар мероси ва уларнинг муқаддас урф-одатларини, айниқса, аёлларга ҳурмат, жумладан, хотин-қиз тарбиясига оид урф-одатларни ёритиш. Кейинги нуқта мактаблар, мадрасалар ва ҳарам аёллари учун мактабларни ўрганишдир. Якуний нуқта, ҳарам ичида ва ташқарисида зиёли аёл файласуфлар, шоирлар, сўфийлар, рассомлар ва ҳунармандларни аниқлашдир. «Бобурнома»нинг таҳлилий тадқиқотлари, Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Бобур ҳаётидаги зиёли аёллар тасвирини ўз ичига олган монография тайёрлаяпман. Бир боб тўлиқ Бобурнинг қизи Гулбадан бегимга бағишланади», — деди Ифтихор.

Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновацион музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.

Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ