Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда қайта яратади

Милош Лукаш тақдимоти. «Фарғона» фотосурати

Global Digital Heritage компаниясининг техник директори Милош Лукас Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даврини виртуал реалликда қайта тиклашни режалаштирмоқда. Мутахассис бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Маданий мерос ҳафталигида гапирди.

«Биз ердан, дронлар ва лазер сканерлари ёрдамида олинган 60 000 га яқин фотосуратлардан фойдаланган ҳолда 3D моделларни яратдик. Моделлар қандай бўлса, шундай бўлиб чиқди. Аммо энди лойиҳамизнинг навбатдаги босқичи — виртуал ҳақиқатни яратишдир. Бу дегани, одамлар моделлар бўйлаб юришлари, уларга ташриф буюришлари, уларга яқиндан қарашлари ва бир миллиметргача бўлган ўлчамдаги ҳар бир детални кўришлари мумкин бўлади. Уларнинг бориш қийин бўлган жойларга саёҳат қилишлари шарт эмас; барча маълумотларни тўғридан-тўғри ўз офисларидан осонгина ўрганишлари мумкин», — деди Милош Лукаш.

Лукаш ўз лойиҳасини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун тайёрламоқда.

Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.

Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ