Германияда Бобурийлар даврига оид туркий тилда битилган Навоий ва Бойқаро шеърлари альбоми топилди

Айсима Мирсултон. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Берлин давлат кутубхонаси архивидан Бобурийлар сулоласи даврида туркий тилда битилган Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ғазаллари жамланган альбом саҳифалари топилди. Бу ҳақда кутубхона ходими, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) аъзоси Айсима Мирсултон Маданий мерос ҳафталигида маълум қилди.

Мирсултоннинг айтишича, альбом Бобурийлар сулоласи билан боғлиқ. Альбомнинг бир томонидан туркий тилда битилган ғазаллар, бошқа томонидан миниатюралар жой олган.

«Бобурийлар сулоласи ўз аждодларини, миллатини, тилини ҳеч қачон унутмаган. Саройда форс, ҳинд ёки бошқа тилларда гаплашиш мумкин бўлган, лекин асосий, энг муҳим масалалар туркий тилда ҳал қилинган, кўплаб туркий қўлёзмалар қайта кўчирилган. Маълумки, ушбу альбомнинг 25 саҳифаси Берлин давлат кутубхонасида, яна 100 га яқин қисми Буюк Британия, АҚШ, Чехия ва Эронда сақланмоқда», — деди немис мутахассиси.

Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.

Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ