Харрисон: Бугун ўзбек элитаси беш йил аввалгидан кўра анча очиқроқ ва зуккороқ

Фред Харрисон. uza.uz сайти фотосурати

Сўнгги пайтларда ўзбек элитаси янада очиқроқ бўлмоқда, дейди Британиянинг Belgrave Europe консалтинг компанияси директори, алоқа бўйича маслаҳатчи ва Тошкентда ўтаётган Ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги сессиялари модератори Фред Харрисон.

- [Ўзбек элитаси] анча очиқроқ бўлган. Бу аниқ. Ва улар беш йил аввалгидан кўра зуккороқ. Беш йил муқаддам мен ва гуруҳимиз Ўзбекистонда иш бошлаганимизда, элита биз билан муомала қилишни истамасди, лекин уларнинг ўзлари ҳам нима истаётганини билишмасди. Бугун эса Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқуловнинг нутқида эшитганингиздек, улар нима бўлаётганини ва нима қилмоқчи эканини тушуниб етишган», — деб таъкидлайди Харрисон «Фарғона»га берган мини-интервьюсида.

- Бу ҳукуматга янги одамлар келгани учунми ёки элита ўрганаётгани учунми?

- Улар ўқишмоқда. Уларнинг кўпчилиги ўқишяпти.

- Авлодлар ўртасидаги ўзгаришларни кўряпсизми: балки ҳокимиятга ёшроқ ёки ташқи дунё билан танишиш борасида билимли, тажрибалироқ одамлар келгандир; балки чет элда ўқиганлар келгандир?

- Мен буни ҳали тушуниб етмадим. Қанча давлат амалдорлари Ўзбекистондан ташқарида таълим олганини билиш яхши бўларди. Менимча, бу салмоқли рақам.

- Ушбу тадбир Ғарб билан яқинлашиш ва ўзаро ҳамкорликни намойиш этишга қаратилган...

- Ва Шарқ билан.

- Ҳа. Лекин Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкори – Россиянинг кўринмас, жимгина сояси мавжуд. Россия Ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигида иштирок этмаяпти. Сизнингча, Ўзбекистон бу икки қутб ўртасидаги мувозанатни қай даражада муваффақиятли ушлаб турибди?

- У мувозанатни сақламаяпти. Россия барча муҳокамалардан ғойиб бўлган. Аммо у хонадаги кўринмас филдир. Ўзбекистон ҳар куни Москва билан ўзаро алоқада. Биз буни биламиз. Буни ҳамма билади. Биз буни тушунамиз, лекин биз оммавий форумларда Россия ҳақида гапирмаймиз.

ℹ️ 17-25 октябрь кунлари Тошкентда «Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалга татбиқ этишнинг янги босқичи» халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтади. Тадбирда бир неча юз ўзбекистонлик ва хорижий сиёсатчилар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ