Теҳрон суди эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли, 2023 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Наргис Муҳаммадийни қўшимча олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда унинг турмуш ўртоғи Таги Раҳмоний ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Янги ҳукм Муҳаммадийнинг қамоқхонадаги фаолияти билан боғлиқ бўлиб, у ерда маҳкума узоқ муддат жазони ўтамоқда. У ва яна тўрт маҳбус ўлим жазосига қарши баёнот эълон қилгани ва ўтириб намойиш уюштиргани учун исломий тузумга қарши ташвиқот тарқатганликда айбланган. Суд жараёни ўтган шанба куни бўлиб ўтган.
«Наргисга озодлик» халқаро коалицияси ушбу ҳукмни қоралаб, уни Муҳаммадийнинг овозини ўчиришга уриниш деб атади. Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи эса бу қарорга бўйсунмаслигини ва фаолиятини давом эттиришини билдирди.
Наргис Муҳаммадий 2021 йилдан бери қамоқда ва у бир неча бор инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун қўшимча жазоларга дуч келган. У авваллари ҳам қамоқ ва жисмоний жазога ҳукм қилинганди.
Муҳаммадий бундан олдин ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун 13 марта ҳибсга олинган, 9 марта судланган ва жами 36 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Халқаро ҳамжамият Муҳаммадийнинг Эронда инсон ҳуқуқлари бўйича олиб бораётган ишлари муҳимлигини таъкидлаб, уни озод қилишга чақиришда давом этмоқда.
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийга 2023 йил октябрь ойида «Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураши ҳамда барча инсонлар ҳуқуқлари ва эркинлигини йўлидаги кураши учун» берилган эди. Норвегиядаги Нобел қўмитаси Муҳаммадийнинг ўнлаб йиллар давомида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилгани, Эрон қамоқхоналаридаги ўлим жазоси ва қийноқларга қарши кампаниялари ҳамда Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган 2022 йилги норозилик намойишларидаги ролини қайд этади. Мукофот топширилганда 51 ёшли Муҳаммадий Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида бўлган, у кўп марта ҳибсга олингани ва жами 31 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганига қарамай, инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятини давом эттирмоқда.