Михо музейининг (Япония) махсус илмий ходими, фанлар доктори Сергей Лаптев Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигида қилган маърузасида Ўзбекистон тарихи контекстида нумизматик тадқиқотларнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.
Олимнинг фикрича, нумизматика ёрдамида вақт ўтиши ва даврлар ўзгаришини кузатиш мумкин, Лаптевнинг ўзи тарихни ўрганишда ундан фаол фойдаланади.
«Нумизматика ҳодисаларнинг хронологиясини, шунингдек, турли даврларнинг иқтисодий тизимини тушуниш имконини беради. Масалан, Шайбонийлар даврида олтин тангалар зарб қилина бошланган. Қўқон ва Бухоро хонликлари даврида ўзларининг кумуш тангаларини зарб қилишган. Кумуш танга Хивада ҳам зарб қилинган, кейин эса мисга ўтилган. ХХ аср бошларида маҳаллий тангалар сиқиб чиқарилган. Ўтган даврда ипак қоғозда пул ишлаб чиқарилган. Бухоро Халқ Республикасида қоғоз пуллар пайдо бўлган. Йигирманчи асрнинг бошидан СССРнинг охиригача рус рублидан фойдаланилган. 1992 йилдан бошлаб миллий валюта – сўм муомалага қиритилди», — деди Лаптев ўз маърузасида.
Мутахассис тангаларнинг энг яхши намуналари ҳозирда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази музейи кўргазмасида намойиш этилишини таъкидлади.
Сергей Лаптев, шунингдек, нумизматика туфайли ёш авлодни тарихни ўрганишга жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.
«Ўзбекистонда нумизматика кенг тарқалган. Кўпчилик тангаларни йиғади. Бундан мамлакат тарихи ва эзгулик дини бўлмиш ислом тарихини ҳақида таълимот беришда фойдаланиш мумкин», — деди Лаптев.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.