Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигида инглиз иқтисодчиси, Euronews телеканали вакили Фред Харрисон Марказий Осиёдаги хориж матбуоти эътибори Қозоғистондан Ўзбекистонга оғиб бораётганига эътибор қаратди.
Харрисон «Европа оммавий ахборот воситалари призмасида Янги Ўзбекистон» маърузасида Euronewsнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ҳақида гапириб берди.
«Мен Лондонда телеканал агентлигида ишлайман. Олти йил аввал Ўзбекистонда иш бошлаган эдик. Асосан реклама ва янгиликлар соҳасида. Биз аудиторияни ушбу мамлакатда бўлаётган ижобий ўзгаришларга жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Мана, Euronews ходимлари Маданий мерос ҳафталигида иштирок этишмоқда. Ўйлайманки, улар Тошкентда бўлаётган воқеалар призмаси орқали Марказий Осиёга эътиборни кучайтиришади. Илгари Қозоғистонга кўпроқ эътибор қаратилган, аммо ҳозир вазият ўзгармоқда», — деди Харрисон.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.