Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида «вақт капсулалари» – 3D эффектлари ёрдамида мавжудлик йўлаклари ўрнатилади. Бу ҳақда Pitch ва «Сила света» студияси асосчиси ва креатив директори Борис Кислицин Тошкентда бўлиб ўтган Маданий мерос ҳафталиги тақдимотида сўзлаб берди.
Ислом цивилизацияси марказида тарихий даврларга бағишланган тўртта музей зали ва Қуръонга бағишланган яна бир зал очилиши режалаштирилган. Артефактлар билан кўргазмалар улкан мониторлар билан тўлдирилади. Ушбу заллар «вақт капсулалари» ни боғлайди. Бутун лойиҳа «Вақт девори» деб номланади.
Шундай қилиб, исломгача бўлган давр зали «Биринчи Ренессанс» (IX-XIII асрлар)га бағишланган зал билан 32 метрли капсула орқали туташтирилиб, хариталар ёрдамида Мавороуннахрда ислом дини тарқалиши ҳақида ҳикоя қилади. Кейинги залга – «Иккинчи Ренессанс»га (Темурийлар даври) йўл мўғуллар истилоси ва кейинчалик Амир Темур томонидан уларнинг қувиб чиқарилиши ҳақида ҳикоя қилувчи 47 метрли капсуладан ўтилади. Ниҳоят, Россия империяси мустамлакачилигига бағишланган учинчи «вақт капсуласи» «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» залига олиб боради.
«Биз анчадан бери музей ва кўргазма фаолияти билан шуғулланамиз ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш мен учун катта шарафдир. Учинчи Ренессанс даврига қўлимдан келганча ҳисса қўшмоқчиман. Биз музейнинг иммерсив тажрибаси ва медиа компоненти устида ишлаяпмиз, чунки музейга ташриф буюрувчиларнинг қарийб 70 фоизини ёшлар ташкил этиши кутилмоқда. Улар учун тушунарли ва қизиқарли тилда гаплашмоқ лозим. Ислом цивилизацияси маркази ўз номига муносиб. Кўп тиллилик бўлиши керак, турли тоифадаги меҳмонлар келади. Биз мультимедиа ечимлари, инновацион технологиялар каби мослашувчан воситаларга эътибор қаратамиз, улар ҳар бир ташриф буюрувчи учун ўзига хос, унутилмас ва, албатта, узлуксиз тажриба бўлади», — дейди Борис Кислицин.
Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олади. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновация музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.
Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.