Эрдўғоннинг асосий рақиби Фатҳуллоҳ Гулен АҚШда вафот этди

Фатҳуллоҳ Гулен. dpa фотосурати

Пенсильванияда (АҚШ) Туркия президенти Ражаб Эрдўғоннинг асосий рақиби бўлмиш 83 ёшли воиз Фатҳуллоҳ Гулен вафот этди. Мухолифатчининг ўлими ҳақида унинг жияни Эбуселеме Гулен Х ижтимоий тармоғида маълум қилди, деб хабар беради CNN Turk.

«Фатҳуллоҳ Гулен ўз қалбининг уфқига етиб борди. Аллоҳ таоло сизни раҳмат қилсин», — деб ёзади Эбуселеме Гулен Х ижтимоий тармоғида.

CNN Turkга кўра, сўнгги йилларда воиз буйрак етишмовчилиги, қандли диабет ва ақли заифликдан азият чеккан.

ℹ️ Фатҳуллоҳ Гулен 1941 йили Туркия шарқида туғилган. У мусулмон оламининг энг нуфузли олим ва мутафаккирларидан бири бўлиб, диний экстремизм ва исломни сиёсийлаштиришнинг турли кўринишларига қарши чиққан. Туркия ва бошқа мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиёда таълим ва тарбия, мактаблар очиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. 1999 йилдан бери АҚШда яшаган.

Туркия ҳукумати Гуленни 2014 йили террорчи гуруҳ тузишда ва жосусликда айблаган, мамлакат суди уни ҳибсга олишга қарор қилган. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Гулен Туркияда «давлат ичидаги давлат» – параллел бошқарув тизимини яратган. 2016 йили Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилиб, бунга Гулен ва унинг ташкилоти FEТОни айблаган. Воизнинг ўзи давлат тўнтаришига уринишни қоралаган. Анқара Вашингтондан Гуленни экстрадиция қилишни бир неча бор талаб қилган. Туркияда унинг ҳаракати террорчи сифатида тан олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ