Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

chromatographyonline.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Стратегияда қуйидагилар кўзда тутилган:

👉 сунъий интеллект (Artificial Intelligence, AI) асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;

👉 Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш;

👉 сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини ўнтага етказиш ҳамда юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш;

👉 ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистонни биринчи 50 та ўриндаги давлатлар қаторига киришига эришиш.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида АI ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази ташкил этилади. У сунъий интеллект ёрдамида тизимлар ва дастурларни текширади. Марказ фаолиятини Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан, шунингдек, стартапларда акциядорлик ҳиссаси ҳисобидан молиялаштиришга қарор қилинди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2025 йил 1 январдан бошлаб Рақамли ривожланиш вазирлигига сунъий интеллектни ривожлантириш учун беш йил муддатга фоизсиз кредит кўринишида 50 миллион доллар ажратади.

2025 йил 1 сентябрга қадар лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш учун “катта маълумотлар” базаси яратилади. 2026 йилнинг 1 майига қадар сунъий интеллект технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган ҳисоблаш қувватлари ишга туширилади.

АI ни жорий этишнинг устувор йўналишлари қуйидагилардир:

▶️ банк-молия соҳасида — фирибгарликларнинг олдини олиш, тўлов қобилиятини баҳолаш (скоринг), бозор прогнозлари;

▶️ солиқ ва божхона соҳаларида — яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, шубҳали божхона операцияларини прогнозлаш, хавфларни бошқариш;

▶️ соғлиқни сақлашда – касалликларни тасхишлаш, даволаш усулларини белгилаш, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш, беморга оид маълумотларини бошқариш;

▶️ қишлоқ хўжалигида — ҳосилдорликни прогноз қилиш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини бошқариш, экинлар, парранда, балиқ ва чорва молларини етиштириш жараёнларини мониторинг қилиш;

▶️ энергетика соҳасида — энергия ресурсларини бошқариш, энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлашни оптималлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва уларга бўлган талабни прогнозлаш.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ