Ўзбекистон фуқароси хорижий давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм Жиззах суди томонидан чиқарилди, деб хабар беради UzNews.uz.
Тергов маълумотларига кўра, 56 ёшли Жиззах вилоятида туғилган Ш.Д. Санкт-Петербург шаҳрида ишлаган. 2023 йил август ойида ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматга ўтиб, Донецк ва Луганск вилоятларида Украинага қарши жанг қила бошлаган. Ўша йилнинг октябрь ойида жароҳатланган, шундан сўнг уни Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталга ётқизишган. Тез орада у Ўзбекистонга қайтиб келган.
Судда Ўзбекистон фуқароси ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг сўзларига кўра, Россияда кўп қийинчиликларга дуч келган ва шунинг учун Россия фуқаролигини қабул қилиш бўйича маслаҳатга амал қилган. Регистрация вақтида (яшаш жойидан рўйхатдан ўтиш назарда тутилган бўлса керак – «Фарғона» изоҳи) уни Россия Қуролли кучларида хизмат қилиш учун шартнома имзолашга мажбур қилишган ва у ҳужжат билан танишишга улгурмай, Донецк вилоятига жўнатилган.
Судланувчининг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани узоқ муддат хорижда бўлиб, ватанига қайтаётган фуқароларни текшириш чоғида маълум бўлган. Ш.Д. нинг телефонида РФ Қуролли Кучлари ҳарбий госпитали томонидан берилган гувоҳнома ва Россия паспорти фотосурати бўлган.
Комиссия экспертизаси хулосасига кўра, Д.нинг оёқ ва қўлларида кўплаб жароҳатлар аниқланган. Ушбу жароҳатларнинг табиати ва бегона жисмлар — снарядларнинг кичик бўлаклари мавжудлиги — жароҳатлар портлаш тўлқини натижасида юзага келганидан дарак беради.
Суд Ш.Д.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида («Ёлланиш») содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимли колонияда ўташга ҳукм қилди.
ℹ️ Ёлланиш жинояти учун Жиноят кодексининг 154-моддасида назарда тутилган энг кам жазо 5 йил қамоқ жазоси ҳисобланади. Бироқ, суд аввалари ҳам енгилроқ ҳукмлар чиқарган. Шундай қилиб, айни моддага кўра, бир Ўзбекистон фуқароси 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишлари, бошқасига эса уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.
ℹ️ Ўзбекистон ҳукумати ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликдан бир неча бор огоҳлантирган. Куни кеча республиканинг Қозондаги Бош консуллиги ҳам худди шундай мурожаат билан чиқди.
2022 йил сентябрь ойида Республика Мусулмонлар бошқармаси мусулмоннинг ўз ватанини ҳимоя қилишдан ташқари ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жоиз эмаслиги ҳақида фатво чиқарганди.