Олмаота тергов изоляторида ўтирган тўрт нафар қорақалпоқ фаоли АҚШдан бошпана олди

Қўшқарбай Тўремуратов, Жангелди Жақсимбетов, Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова. Ulysmedia.kz сайти фотосурати

Олмаотадаги тергов изоляторида бир йилга яқин ўтирган тўрт нафар қорақалпоқ фаоли АҚШдан бошпана олди. Бу ҳақда ТХИҲФ (Туркман Хельсинки Инсон ҳуқуқлари фонди) хабар берди.

Улардан уч нафари – Жангелди Жақсимбетов, Тлеубике Юлдашева ва Раиса Худайбергенова (оиласи билан) 15 октябрь куни АҚШга учиб кетишди. Зиуар Мирманбетова парвози оила аъзоларидан бирининг ҳужжатларини расмийлаштириш кечиккани учун кечроқ муддатга қолдирилган.

Жами 2022 йил кузида Ўзбекистон талабига биноан Қозоғистонда беш нафар қорақалпоқ фаоли қўлга олинган. Бешинчиси Қўшқарбай Тўремуратов айни дамда Польшада бўлиб, унинг бошпана сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилмоқда.

«Олмаота бешлиги» масаласини ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон халқаро бюроси алоҳида рол ўйнаган, унинг адвокатлари ҳибсга олинган пайтдан бошлаб уларга ёрдам кўрсатган, деб таъкидлайди ТХИҲФ.

ℹ️ 2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар қиритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Бу иш бўйича 171 киши айбланган. Айбланувчиларнинг баъзилари 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган, айримларига эркинликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистондан ташқарида яшовчи бир қанча қорақалпоқ фаоллари, жумладан, «Олмаота бешлиги» ҳам тартибсизликларни уюштиришга алоқадор деб гумон қилинган. Уларнинг Қозоғистондан бошпана сўраб қилган мурожаатлари қаноатлантирилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ