Ақтўбедаги (Ғарбий Қозоғистондаги маъмурий марказ) йирик саноат корхонаси – Ақтўбе хром бирикмалари заводи Россиядан етказиб бериладиган хомашё тақчиллиги туфайли ёпилиш арафасида. Бу ҳақда 10 октабрь куни Atameken Business телеканали хабар берди.
Корхонадаги муаммолар ўтган душанба куни бир неча ўнлаб ишчилар иш ҳақи кескин камайтирилгани сабабли уюштирган митингдан сўнг маълум бўлди. Вазиятга маҳаллий ҳокимлик аралашган, шундан сўнг тўловлар келиб тушган, аммо бунинг учун завод 100 миллион тенге (202 минг доллар) кредит олган.
Шундан сўнг компания раҳбарияти муаммога қўшни Россиядан келтирилаётган хомашё тақчиллиги сабаб бўлганини айтган. Гап кальцийлаштирилган сода ҳақида бормоқда. У ёғочга ишлов бериш ва электрокаплама учун хром ангидрид ишлаб чиқаришда хром рудаси билан бирга ишлатилади. Ҳозиргача заводга хомашё Бошқирдистондан келтирилар эди, бироқ бир неча ойдан бери деярли таъминот узилган.
Ақтўбе заводи бошқаруви раиси ўринбосари Радий Фахретдинов «Диапазон» газетасига берган интервьюсида бундай ҳолатга биринчи марта дуч келганини тан олди.
«Бизнинг ишлаб чиқариш учун асосий хом ашё кальцийлаштирилган содадир, уни бизга Бошқирдистондаги завод етказиб берарди. Аммо Россиядан заводга сода етказиб бериш тўхтатилди. Бизга етказилган маълумотларга кўра, «Россия темир йўли»нинг ёмон ишлаши туфайли сода бизга келмай қолган. Айни пайтда Россияда махсус ҳарбий операция олиб борилмоқда; темир йўлларда, хусусан, ҳарбий юкларни ташиш учун экипажларнинг бир қисми олиб ташланган Жанубий Урал темир йўлида кадрлар этишмаслиги мавжуд. Натижада, Бошқирдистондаги завод юклаш учун етарли вагонларни ололмаган ва юборилиётганлари эса боши берк кўчада. Август ойидан бери бизда шундай ҳолат. Ҳатто ишлаб чиқаришни 5 кунга тўхтатишга мажбур бўлдик. Биз ўз вакилларимизни Оренбург ва Орскга жўнатдик, лекин улар махсус ҳарбий операцияга ишора қилиб, бизга ёрдам беришолмади. Биз вазирликларга, ҳокимликларга ёрдам сўраб хатлар жўнатдик, уларнинг ходимлари ҳам бу ишга қўшилди, хомашё кела бошлади, лекин ҳозирча, афсуски, керакли даражада эмас. Маълум бўлишича, хомашё етишмаслиги сабабли завод маҳсулотининг 40 фоизини ишлаб чиқаролмаган. Шунга кўра, маҳсулот камроқ сотилган, шу сабабли иш ҳақи камайтирилган», — деди Фахретдинов.
Ҳозирда вилоят расмийлари компанияга Ўзбекистондан сода етказиб берувчилар билан музокара олиб боришда ёрдам беришмоқда. Бироқ, завод вакилининг сўзларига кўра, бу ҳажмлар етарли бўлмайди. «Уларнинг бизга бериши мумкин бўлган максимал миқдори икки минг тонна. Бугунги эҳтиёжимиз камида саккиз-ўн минг тоннани ташкил этади», — дея Фахретдинов сўзларидан иқтибос келтиради ORDA.kz.
АХБЗ бошқаруви раиси Алексей Химич вазият оғир эканини айтади. «Муаммо ҳал қилинмаяпти. Сода йўқ, завод бутунлай ёпилади. Россия сода бермаяпти. Бизга кунига 300 тонна сода керак бўлади, ҳозирда эса бизда бор-йўғи беш кунлик заҳира қолган», — дейди у.
Ақтўбе хром бирикмалари заводи 1957 йили ташкил топган. Бу ерда металлургия, ёғочсозлик, чарм, самолётсозлик саноати эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Сотиш бозори МДҲ давлатлари, Европа, Хитой, Япония, Жанубий Кореядир. Жами корхонада икки мингдан ортиқ киши ишлайди. Бироқ, ҳозирда у қисман қувват билан ишламоқда ва айрим ходимлар мажбурий таътилга чиқарилган.