Россия ва Қозоғистон дон бўйича «савдо уруши» ёқасида

apk-news.kz сайти фотосурати

Росселхознадзор Қозоғистондан Россияга экспорт қилинаётган дон ва унинг қайта ишланган маҳсулотлари, кунгабоқар уруғлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун фитосанитария сертификатлари берилишини тўхтатиб туришни сўраган. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли мурожаатни сентябрь ойи ўрталарида олган. Бу ҳақда республика Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Эрмек Кенжеханули маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Илтимос етказиб берилаётган маҳсулотларда РФ фитосанитария фаровонлигига таҳдид соладиган «карантин объектлари аниқлангани» билан асосланган.

«Биз жавоб хатида аниқланган қоидазарликлар ҳақида бизга далил фактларни тақдим этишларини сўрадик. Бугун биз ушбу қонунбузарликлар ҳақиқатда содир бўлганлигига ишонч ҳосил қилиш учун лаборатория текширувларида аниқланган ва бу ишларнинг натижалари бўйича тегишли далолатномалар беришни сўрадик», — дейди Эрмек Кенжеханули Россия идорасидан ҳозирча жавоб йўқлигини қўшимча қиларкан.

Қозоғистоннинг ихтисослашган АПК Новости агентлиги дон бозори иштирокчиларига таяниб, Росселхознадзорнинг мурожаатини 1 августда жорий этилган ва жорий йилнинг охиригача амалда бўладиган Россия донининг Қозоғистонга олиб киришига қўйилган тақиқга жавоб деб атайди. Қарор яхши ҳосил фонида мамлакатга катта ҳажмдаги арзон рус буғдойи импортини чеклаш мақсадида қабул қилинган. Бунга Қозоғистон дон иттифоқи рози бўлмаган. Улар Россия томонидан қозоғистонлик деҳқонларга нисбатан эҳтимолий жавоб чоралари кўрилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.

«Бу эҳтимолий савдо урушдир, — дейди агентликка Дон иттифоқи вакили Евгений Карабанов. — Ҳукуматимиз олдида иккита йўл бор: ё Россия буғдойини олиб киришга қўйилган тақиқни олиб ташлаш, ёки ун, сут, гўшт маҳсулотлари ва ҳоказоларга тақиқ жорий этиш. Лекин шуни ҳисобга олиш керакки, бунга жавобан кўмир, нефть ва нефть маҳсулотлари транзитига тақиқ бўлади... Иккинчи ҳолатда, ЕОИИдан чиқиш мантиқий позиция бўлади. Ва шу билан ЕОИИ тугайди...».

Карабановнинг қўшимча қилишича, Роспотребнадзор томонидан киритилган чекловлар «Россия ўз иқтисодий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши ҳақида расмий огоҳлантириши»дан бошқа нарса эмас. Бозор иштирокчилари Қозоғистон ғалласини РФ орқали Европага транзит қилишда «қийинчиликларга дучор бўлишаётганини» хабар қилишмоқда.

Шу билан бирга «Независимая газета»сининг қайд этишича, бу йил ғалла ҳосили улкан — 17 миллион тоннагача буғдой олиш кутилмоқда. Республика ўз эҳтиёжларини қондириши учун 2 млн тонна етарли, қолгани экспорт қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ