Ўзбекистонда хусусий мактаблар қуришда тадбиркорларга имтиёзлар берилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати видеосидан кадр

Ўзбекистонда хусусий мактаб очмоқчи бўлган тадбиркорларга 20 миллиард сўм (1,6 миллион доллар)гача кредит ажратилади. Бу ҳақда 30 сентябрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 1 октабр куни нишонланадиган Ўқитувчилар куни муносабати билан таълим соҳаси вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

Бундай тадбиркорларга мактаблар учун ажратилган кредитлар бўйича базавий ставкадан 1,5 баробар ошиб кетган фоиз ставкаларининг бир қисми, шунингдек, хусусий таълим муассасаларининг янги биноларини қуриш учун коммунал тўловларнинг 50 фоизи бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан мактаб қурса, уни қуриш харажатлари икки йил давомида тенг улушларда даромад солиғидан ушлаб қолинади.

Мирзиёев Ўзбекистонда мактаб таълими сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни ҳам айтиб ўтди. «Йил ўқитувчиси» кўрик-танлови иштирокчилари ва халқаро фан олимпиадаларининг бўлажак ғолибларини тайёрлайдиган ўқитувчиларни рағбатлантиришдан ташқари қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:

👉 Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун яқин 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм (4 миллион доллар) ажратилади;

👉 тегишли вазирлик, ўқув маркази, мактаб ва боғчани бирлаштирувчи вертикал ўқитиш тизимини жорий этиш;

👉 Ёш ўқитувчилар учун «Касбий ривожлантириш куни» ва «Касбий ривожлантириш соати» ташкил этиш;

👉 болалар боғчалари раҳбарлари учун менежерлар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш. Ушбу ўқув тизими бир йил аввал мактаб директорлари учун жорий қилинган. 1206 киши раҳбарлик гувоҳномасини олган, энди уларга 3 миллион сўм (238 доллар) миқдорида ойлик мукофот пули тўланади;

👉 ўқитувчилар ўз ютуқлари, имкониятлари ва янги ишланмаларини сўзлаб берадиган ягона онлайн платформа яратиш;

👉 билимдон ва жонкуяр ўқитувчилар ҳақида «Устозга эҳтиром» номли китоб ва фильмлар яратиш.

▶️ 2024 йили бюджетдан ажратилган 3,2 триллион сўм (254 миллион доллар) ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та болалар боғчаси реконструкция қилинади ва қурилади. Келгуси тўрт йилда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва ОПEК жамғармасининг 50 миллион долларлик маблағлари доирасида 200 та хусусий болалар боғчаси қурилиб, уларда 30 минг янги ўрин ташкил этилади.

ℹ️ Ўтган етти йил давомида, яъни 2017 йилдан буён Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантиришга жами 216 триллион сўм (17 миллиард доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди. Мамлакатда хусусий мактаблар сони 27 тадан 500 тага, нодавлат болалар боғчалари сони 250 тадан 30 мингтага кўпайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ