Россия ва Ўзбекистон ТИВ раҳбарлари Тошкентдаги мактабда юз берган ҳодисани муҳокама қилдилар

№188 мактабдаги жанжалга оид видеоёзувдан кадр. "Газета.uz" сайти фотосурати

Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари — Сергей Лавров ва Бахтиёр Саидов 26 сентябрь куни Нью-Йоркда Тошкент мактабида рус тили дарсида юз берган ҳодисани муҳокама қилдилар.

РФ Ташқи ишлар вазирлигида таъкидлашича, учрашувда «миллатлараро муросасизликка қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилган». Саидов ўзининг Telegram-каналида Лавров билан учрашувда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланганини ёзган. «Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик», — дея қўшимча қилади Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

ТАСС хабарига кўра, 26 сентябрь куни Россия ТИВ Тошкентдаги №188 мактабда юз берган ҳодиса юзасидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчисига нота юборган.

ℹ️ Шу ўринда нота («Представление») — умум фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш илтимосига оид дипломатик услуб.

Бундан олдин Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова воқеа юзасидан муносабат билдирганди. Унинг сўзларига кўра, Россия томони Тошкентдаги мактабда юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни, «воқеа асосланган тақдирда, болага нисбатан зўравонлик қилган шахсга нисбатан чора кўришни» сўраганди. «Ушбу масалани диққат билан кузатиб борамиз», — деган Захарова.

Ўзбекистоннинг бир қатор сиёсатчилари ва жамоат арбоблари Захарова баёнотига муносабат билдирди.

Жумладан, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари, парламент вице-спикери Алишер Қодиров Россия томонини «ўз муаммолари билан шуғулланишга» чақирган.

«Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади! — дейди сиёсатчи.

Таълим соҳасидаги мутахассис Комил Жалилов Захарованинг сўзларини «йўқ жойдан «сиёсий» муаммо «ясаш» бўйича мастер-класс», деб атади. Унинг таъкидлашича, «бундан олдин шимолликларни Ўзбекистон мактабларида тарих қандай ўқитилиши қизиқтирган, ундан ҳам олдин РФ федерал каналларида ўзбек миллати «1917 йилдан кейин яратилгани» ҳақидаги иддаолар янграган»

«Балки шимолдаги айрим ҳали ҳам ўзини «катта ака» ёки «катта опа» санаётганларга Ўзбекистон суверен давлат эканлигини, Ўзбекистон мактабларидаги тартиб-интизом масаласини ўзимиз ҳал қила олишимизни айтармиз?», — деб ёзган Жалилов.

ℹ️ Бир неча кун аввал интернетда мактаб ўқитувчисининг ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ўқитувчи аёл болани қўполлик билан доскага судраб келади, сўнг юзига шапалоқ туширади ва бола бошини бир неча бор доскага уради. Жабрланган бола онасининг сўзларига кўра, воқеа олтинчи синф рус тили дарсида юз берган. Бола ўқитувчидан дарсни ўзбек тилида эмас, рус тилида олиб боришини илтимос қилган. Бу гап ўқитувчининг жаҳлини чиқарган. Мактабдаги вазиятни таҳлил қилиш жараёнида ўқитувчи «Ўзбекистон ўзбеклар учун, қолганлари кетсин», дея айбини тан олмаган ва афсусланмаган.

Боланинг ота-онаси болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилган. Омбудсман сўровига кўра ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисани текшира бошлаган.

Кейинчалик омбудсман 24 сентябрь ҳодисасига дахлдор ўқитувчи аёл ўзининг қизи ўқиётган №204 мактабда жанжал кўтарган. У шу йўл билан мактаб маъмурияти ва қизининг ўртасида юзага келган муаммога муносабат билдирган. 44 ёшли аёл мактаб директори ўринбосарига тан жароҳатини етказган ва воқеа жойига етиб келган ички ишлар органи ходимларига қаршилик кўрсатган.

Эртаси куни ўқитувчи Маъмурий Кодекснинг учта моддаси («кичик безорилик», «ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига жавоб бермаслик» ва «ўқув ташкилоти педагог ходимининг профессионал фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш») билан айбдор деб топилди. У етти кун маъмурий қамоқ жазосига ва ўнта базавий ҳисоблаш миқдорида (3,4 млн сўм ёки 270 доллар) жаримага тортилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ