Қозоғистон Олий суди қизларнинг мактабга рўмолда боришини тақиқлашни ноқонуний деб топди. Шу тариқа таълим муассасаларида болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи чекланган бўлади. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Жаслан Айтмаганбетов Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
«Олий суд мактабда қизларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи чекланиши масаласига нуқта қўйди. Ўз қарори билан Қозоғистон Республикаси Олий суди вилоят суди қарорини бекор қилди ва бундай чекловлар таълим олиш ҳуқуқини бузади, дея тан олди. Бир неча ҳуқуқшунос ва фаоллар болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда иштирок этди. Ҳар ким ўз ҳиссасини қўшди», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Ulysmedia.kz сайтига берган изоҳида Айтмаганбетов иш Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги мактаблардан бирига тегишли эканини, у ерда қиз боланинг рўмол ўрагани учун дарсга киритилмаганини таъкидлаган. Илгари бу каби жараёнлар Павлодар, Қарағанда, Олмаота, Туркистон вилоятларида ҳам бўлиб ўтган. Унинг айтишича, бу ишларнинг барчасида вилоят судлари рўмол ўраган ўқувчи қизларнинг ҳуқуқлари поймол этилганини тан олган.
«Судда биз мактаб формаси бузилмаётганини айтдик. Буйруқда пойабзал ҳақида бирор нарса дейилганми? Йўқ. Бош кийими ҳақида бирор нарса айтилганми? Йўқ. Ҳа, диний атрибутлар ҳақида сўз юритилган. Судя: «Сизда айнан шу рўмолнинг диний атрибутикага мансублигига доир экспертиза хулосаси ёки нимадир борми», деб сўради. Улар: «Йўқ», деб жавоб беришди» — дейди Жаслан Аитмаганбетов.
Қозоғистонда динга эътиқод қилувчи оилалардаги қизларнинг мактабда рўмолда юришига доир баҳслар кўп йиллардан буён давом этиб келади. Вақти-вақти билан судлар жараён иштирокчиларининг у ёки бу томонини олиб, мазкур масала бўйича қарорлар қабул қиладилар. Шу тариқа, 2017 йили 37 нафар тақводор ота-она қизларининг рўмол туфайли таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилаётганини даъво қилиб, Таълим вазирлигини судга берганди. Суд бу баҳсда таълим муассасаси тарафини олганди.
2018 йили тортишувлар Олий судгача етиб борган, шунда мазкур маҳкама мактабларда ўрнатилган ягона формага риоя қилиш талаби Конституцияга мувофиқ эканини тан олган.
Бир йил аввал Қозоғистон Республикаси Таълим вазири Ғани Бейсембаев журналистларнинг мактабларда рўмол ўралишига оид саволига жавоб бераркан, таълим муассасаларида барча ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиши муҳимлигини таъкидлаган эди. У таълим билан боғлиқ масалаларни бошқа жиҳатлар билан аралаштириб юбормаслик кераклигини тушунтирганди.