Қозоғистонда йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 50 нафар аъзоси қўлга олинди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ИИВ ва Бош прокуратура кучлари билан биргаликда йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 50 нафар аъзосини қўлга олди, деб хабар берди МХҚ матбуот хизмати. Махсус операция 18 сентябрь куни бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг бир нечта вилоятларида: Остона, Олмаота, Чимкент, Ақтўбе, Атирау, Олмаота, Жетису, шунингдек, Ғарбий Қозоғистон ва Павлодарда ўтказилган.

Қўлга олинганлар ўта йирик ҳажмдаги товарлар ва транспорт воситаларини ўғирлаш каналини ташкил қилиш, шунингдек, уюшган жиноятчиликни молиялаштиришда гумон қилинмоқда, дейилади хабарда. Тергов маълумотларига кўра, улар 20 дан ортиқ одамнинг 2 миллиард тенге (4 миллион доллардан ортиқ) қийматидаги мол-мулкларини ҳам ўғирлашган.

Гуруҳ иерархияга эга бўлган ва роллар аниқ тақсимлашган. У жиноятчилар ва бузғунчи диний муҳит, шу жумладан, ахлоқ тузатиш муассасасида жазо ўтаётган шахслардан иборат бўлган.

Тинтув чоғида қўлга олинганлардан банк карталари, катта миқдордаги пуллар, экстремистик мазмундаги адабиётлар, пул ўтказмалари ёзувлари ва терговни қизиқтирган бошқа ашёлар борлиги аниқланган.

Жиноят иши тафсилотлари махфийлаштирилган.

Август ойи бошида Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ходимлари уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш бўйича ҳудди шундай операция ўтказишган эди. Олмаота ва Чимкент шаҳарларида уюшган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси қўлга олинганди, уларнинг етакчиси «Ёввойи Арман» номи билан танилган Арман Жумагелдиев бўлган. «Гуруҳ раҳбари ва асосий иштирокчилари ҳибсга олинганига қарамай, унинг бошқа аъзолари эркинликда ноқонуний фаолият билан шуғулланишда давом этишган», — дейилади полиция хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ