Бишкек-Москва йўналиши бўйлаб мунтазам поездлар қатнови 18 декабрдан тикланади

panorama.pub сайти фотосурати

Жорий йилнинг 18 декабридан Бишкек ва Москва ўртасида мунтазам поездлар қатнови тикланади. Бу ҳақда «Кыргыз темир жолу» («Қирғиз темир йўллари») компаниясига таяниб, 24.kg хабар берди.

Қайд этилишича, давлат корхонаси ходимлари 3-6 сентябрь кунлари Россия пойтахтида бўлиб, у ерда МДҲ давлатлари темир йўл маъмуриятлари вакилларининг 2025 йилга мўлжалланган халқаро йўловчи поездлари қатнови жадвалини ишлаб чиқиш бўйича йиғилишида иштирок этишган.

Тадбир давомида қирғизистонлик ва россиялик мутахассислар COVID-19 пандемияси даврида узилиб қолган Бишкек ва Москва ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқани қайта тиклаш санасини келишиб олганлар.

Шундай қилиб, Қирғизистон ва Россия Федерацияси пойтахтлари ўртасидаги поездлар 18 декабрдан яна ҳафтасига икки марта жадвал бўйича қатнай бошлайди.

«Кыргыз темир жолу» чипталар сотуви ва уларнинг нархлари бўйича қўшимча маълумотлар беради.

Компания шунингдек, келаси йили Бишкек – Қозон ва Бишкек – Новосибирск йўналишларида поездлар қатновини давом эттиришини таъкидлади.

Давлат корхонаси вакилларининг аниқлик киритишича, коронавирус пандемияси тугагандан сўнг, 2022 йили республика пойтахтидан Россияга поезд қатнови йўлга қўйилган, бироқ у Москва транспорт узелини реконструкция қилинаётгани сабабли Самарага борган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?

  • Энди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида