Мирзиёев Республика Мустақиллиги байрами муносабати билан 522 нафар маҳкумни афв этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Рўйхатга 522 нафар маҳкум киритилган, деб хабар беради ЎзА.

Аниқлик киритилишича, 159 нафар маҳкум асосий жазони ўташдан тўлиқ, яна 303 нафар шахс шартли равишда озод қилинган. 60 нафар фуқарога нисбатан суд томонидан тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Афв этилганларнинг 19 нафари хорижлик, 56 нафари аёллар, 25 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, шунингдек, 233 нафари 30 ёшгача бўлган шахслар (улардан бир нафари вояга етмаганлар). Қайд этилишича,

Президент фармони тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганликда айбланган 27 нафар фуқарога ҳам тегишли бўлган.

Давлат раҳбари афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, фойдали меҳнатга жалб этилиши, соғлом турмуш тарзини танлаши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш бўйича масъул вазирлик ва идораларга топшириқлар берган.

ℹ️ Ўзбекистонда афв этиш актлари йилига бир неча марта – мамлакат Мустақиллик куни (1 сентябрь), Конституция куни (8 декабрь) ва Рамазон Ҳайити арафасида амалга оширилади.

Одатда, республика раҳбарининг фармонлари юзлаб одамларни қамраб олади. Масалан, жорий йил апрель ойида Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида Мирзиёев 426 нафар маҳкумни афв этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ