Ўзбекистонда илк бор камбағалликка қарши кураш бўйича экспертлар конференцияси бўлиб ўтмоқда

dunyo.info сайти иллюстрацияси

Ўзбекистон илк бор «Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича глобал мулоқот» халқаро конференцияси ўтказиладиган майдонга айланди. Бу мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганидан далолат беради, деди Республика Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган табригида.

Давлат раҳбари сайёрамизнинг турли ҳудудларида давом этаётган зиддиятлар, гуманитар, эпидемиологик ва иқлимий инқирозлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, жумладан, камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларга жиддий таҳдид солаётганини таъкидлади.

Шунга қарамай, Ўзбекистон хорижий тажриба ва маҳаллий хусусиятлардан фойдаланган ҳолда сўнгги бир неча йил ичида муайян муваффақиятларга эришди.

Биринчидан, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш дастури йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўзида 250 минг нафар ишсиз аҳоли бандликнинг янги йўналишлари бўйича ўқув курсларида таҳсил олди, 2 миллион нафар инсон тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди.

Иккинчидан, деди Мирзиёев, – ислоҳотлардан асосий мақсад республиканинг ҳар бир фуқароси турмуш шароитини яхшилаш, таълим ва тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш бўлиб қолмоқда. Шундай қилиб, 2024 йили боғча ва мактаблар барпо қилиш, тиббий хизматни кенгайтириш, маҳаллаларда ичимлик суви, электр энергияси, йўл инфратузилмасини яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилди. Энг муҳими, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда «Ташаббусли бюджет» тизими орқали маҳаллаларнинг иштироки кенгайиб бормоқда.

Учинчидан, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириб, давлат кўмагига муҳтож оилаларга сифатли хизматлар кўрсатиш кўламини кескин оширдик. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, туманларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 2 миллион 300 мингдан зиёд муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинди.

Бундан ташқари, бошқа йўналишларда ҳам ишлар олиб борилмоқда. Масалан, сўнгги уч йилда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 27 фоиздан 74 фоизга ошди, вояга етмаганлар ўртасида қамбағаллик даражаси 22 фоиздан 14 фоизга пасайди.

Умуман олганда, Мирзиёевнинг сўзларига кўра,

бу вақт ичида мамлакатда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга туширилди. Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш дастури туфайли кейинги уч йил ичида бу кўрсаткич 7 фоизга тушиши керак.

Президент бундай натижаларга эришиш учун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлади.

«Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича ўзаро мулоқот ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади, унинг якунида ишлаб чиқиладиган амалий таклиф ва тавсиялар жаҳон миқёсида камбағалликни камайтиришда янги қадам бўлади, деб умид қиламан», — деди Мирзиёев.

ℹ️ 27-29 август кунлари «Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича глобал мулоқот» халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Форум иштирокчилари дастлабки икки кунни Тошкентда, охирги кунни Самарқандда ўтказадилар. Камбағалликка қарши курашнинг асосий масалалари бўйича муҳокамаларда 63 давлатдан ташриф буюрган сиёсатчилар, иқтисодчи ва экспертлар, 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ