Қозоғистонда илк бор 10 миллион долларлик «номаълум бойлик» суд орқали давлатга қайтарилди

aif.ru сайти фотосурати

Қозоғистонда келиб чиқиши номаълум бойлик бўйича биринчи суд акти ижро этилди, деб хабар беради Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Активларни қайтариш қўмитаси. Суд жараёнида айбланувчилар активларни қўлга киритиш манбаларининг қонунийлигини исботлай олмаган, шундан сўнг 10 миллион доллардан ортиқ маблағ давлат ҳисобига ўтказилган.

Айбланувчилар (хабарда уларнинг фамилияси кўрсатилмаган) бу қарорга рози бўлмай, апелляция шикояти беришган. Бироқ, уларнинг шикояти қаноатлантирилмаган.

«Суд қарори ижроси доирасида, экспертларнинг фикрича, илдизи саклар даврига бориб тақаладиган нақд пуллар, қимматбаҳо заргарлик буюмлари, тарихий-маданий мерос предметлари давлат даромадига ўтказилди», — дейилади қўмита хабарида.

Ўтган йил 12 июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди.

Ноқонуний капиталларни қидириш Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Унинг эътиборига тушиш учун фуқаронинг умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ активлари бўлиши керак, кимнинг активлари шубҳали бўлса, бу ҳақда маълумотлар махсус комиссияга юборилади. Комиссия шахсни рестрга киритади ва у ўз маблағларининг келиб чиқиши тўғрисида ҳисобот беришга мажбур бўлади. Агар бу иш бажарилмаса, активлар асоссиз равишда қўлга киритилган деб тан олинади ва давлат даромадига ўтказилади. Активлар ғазнага ихтиёрий ёки суд қарори билан мажбуран қайтарилиши мумкин.

Шу пайтгача келиб чиқиши номаълум даромадлар ихтиёрий равишда қайтарилган. Ўтган йил баҳорида ҳукумат ноқонуний йўл билан топилган активларни давлатга ихтиёрий қайтариш бўйича келишувлар доирасида ғазнага 40 миллиард тенгедан (83 миллион доллар) ортиқ маблағ юборилгани ҳақида хабар берганди. Ушбу маблағларни ижтимоий мақсадларга ва мамлакатда юз берган баҳорги тошқин оқибатларини бартараф этишга йўналтириш бўйича қарор қабул қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ