Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорига АҚШ клуби қизиқмоқда

Элдор Шомуродов. sports.ru сайти фотосурати

АҚШнинг «Атланта Юнайтед» клуби Италиянинг «Рома» клуби билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг трансфери борасида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.

Романонинг сўзларига кўра, МЛС жамоаси Ўзбекистон терма жамоаси футболчисини трансфер қилиш учун «Рома»га таклиф билан чиққан. Музокаралар яхши кетмоқда. Агар у трансферга ўтса, Шомуродов Америка МЛСдаги биринчи ўзбекистонлик футболчига айланади.

Эслатиб ўтамиз, «Атланта» аввалроқ россиялик футболчи Алексей Миранчук билан шартнома имзолаганди.

Шунингдек, Москванинг ЦСКА клубидаги ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Аббос Файзуллаевга АҚШнинг бошқа бир клуби «Сент-Луис» қизиқаётгани, бироқ у таклифни рад этгани хабар қилинганди.

Шомуродовнинг «Рома» билан шартномаси 2026 йилгача тузилган, аммо у жамоага керак эмас кўринади. Шу боис клуб раҳбарияти барча вариантларни кўриб чиқмоқда. Элдорга Италиянинг «Верона» клуби қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Элдор Шомуродов Муборакнинг «Машъал» клубида тарбия топган. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига кўчиб ўтган. 2017 йили у Ростовга таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йил октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига «Женоа»га кўчиб ўтади. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.

2021 йил августида «Рома» ўзбекистонлик форвардни 17,5 миллион евро эвазига сотиб олди ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолади. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди. Шомуродов 28та ўйинда майдонга тушди, шундан 23тасида ўзбекистонлик футболчи захирадан майдонга тушди. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор.

2023 йил январида у «Специя»га ижарага берилди ва Элдор бу ерда 15 ўйин ўтказиб, битта гол урди. Мавсум якунида жамоа А Серияни тарк этди. Ўша йилнинг август ойида Элдор ижара асосида 9 млн еврога «Кальяри»га ўтди ва А сериясида 22 та ўйинда иштирок этиб, учта гол урган ва тўртта голли узатмани амалга оширган. Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 73 та ўйинда майдонга тушиб, 40 та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ