Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди (Сатибалдиули) 32,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан ортиқ ноқонуний йўл билан қўлга киритган активларини давлатга қайтарди, деб хабар беради Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати.
Қайтарилган активларга маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги акциялар ва улушлар, темир йўллари, шунингдек нақд пуллар киради — улардан 661,5 миллион доллар Қозоғистонга чет элдан, жумладан, Австрия, Лихтенштейн, БАА ва Туркиядан қайтарилган.
Қозоғистонда умумий қиймати 158 миллиард тенгедан (330 миллион долларга яқин) иборат жами 115 та объект давлат мулкига ўтказилган, жумладан, 13 та уй, 10 та бино, 13 та ер участкаси, 4 та хонадон, 3 та бино, 2 та мадраса биноси, 2 та автотураргоҳ биноси, 25 та бино, битта қурилиши тугалланмаган объект, шунингдек, 29 та автомобиль, бешта махсус техника ва учта квадроцикл.
Мулкларнинг бир қисми Сатибалдининг яқин қариндошлари, танишлари ва назорат остидаги компаниялари номига расмийлаштирилган.
«Илгари ушбу активлар ижарага берилган ва ҳар йили мулкдорга кўп миллиард доллар даромад келтирган, энди уларнинг эгаси давлат ҳисобланади», — дейди Антикор.
Қайрат Сатибалдиули автоҳалокатда ҳалок бўлган Қозоғистон биринчи президентининг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. Кейинчалик у фамилия сифатида отасининг исмини олган. Қайрат Skyline Investment Company S. A. компанияси орқали Қозоғистондаги телекоммуникация хизматларининг тўртдан бирига эгалик қилган. Турли йиллари МХҚда хизмат қилган, сиёсат ва бизнес билан шуғулланган, мамлакатнинг энг бой одамларидан бири бўлган.
2022 йил 13 март куни тадбиркор коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган. Эртаси куни компаниянинг капитал офисида тинтувлар ўтказилган, бир ой ўтгач, тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казактелеком» нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган.
2022 йил 26 сентябрда суд Сатибалдиулини «Казактелеком» АК ва «ЦТС» АЖдаги ўғирлик иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилган. Тадбиркорга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш айблари ҳам қўйилган. У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, давлатга етказилган зарарни қоплашга ваъда берди.
Сотибалдиули ҳозирда ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида жазо ўтамоқда. Ўтган декабрь ойида Сатибалдиули шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, аммо суд уни рад этган ва ушбу қарорни маҳкумнинг «қонунбузарликлари ва беқарор хатти-ҳаракатлари» билан изоҳлаган.