Япония Бош вазири Фумио Кисида (Кишида) Япония ороллари ҳудудида кучли зилзила содир бўлиши хавфи туфайли Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарини бекор қилишга қарор қилди, деб хабар беради Kyodo агентлиги 9 август куни.
Бош вазир Япония метеорология агентлиги Нанкай ёриғи ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган кучли зилзила ҳақида огоҳлантиргандан сўнг шундай қарорга келган ва уни матбуот анжуманида эълон қилди. Огоҳлантириш пайшанба куни мамлакат жануби-ғарбида содир бўлган 7,1 магнитудали зилзиладан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.
Кисида 9-10 август кунлари Қозоғистонга расмий ташриф буюриб, «Марказий Осиё плюс Япония» мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этишни режалаштирганди. Унинг республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралари 10 августга белгиланганди. Шунингдек, ташриф доирасида Кишида Ўзбекистон ва Мўғулистонга бориш ниятида бўлган.
Шу билан бирга Tengrinews.kz «Марказий Осиё плюс Япония» биринчи саммити барибир бўлиб ўтишини истисно этмайди, бироқ у онлайн тарзда ўтказилиши мумкин.
ТАСС таъкидлашича, сўнгги йилларда япон сейсмологларини Хонсю оролининг марказий қисми қирғоқларидан жануби-шарқда жойлашган Нанкай ёриғида зилзила содир бўлиши эҳтимоли қаттиқ ташвишга солган. Олимларнинг фикрича, яқин 30 йил ичида 8,0 ёки 9,0 магнитудали зилзила бўлиши эҳтимоли 70-80% ни ташкил қилади. Бундай ҳолда, Япониянинг улкан қисми зарар кўради ва баландлиги 30 метрдан ошиқ цунами унинг шарқий қирғоқларига хавф солиши мумкин.