Қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкарим етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Думан Муҳаммедкарим. bureau.kz сайти фотосурати

Қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкарим 7 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради ORDA.kz. Айбланувчи учун прокурор айнан шундай жазони талаб қилган.

Қочқин банкир Мухтор Аблязов билан видео интервью уюштиргани туфайли Муҳаммадкарим «Экстремистик фаолиятни молиялаштириш» (ҚР Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-қисми) ва «Тақиқланган экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш» (ҚР Жиноят кодексининг 405-моддаси 2-қисми) моддалари билан айбланган. Мухтор Аблязов Қозоғистонда экстремистик деб тан олинган «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ) мухолифат ҳаракати раҳбари ҳисобланади.

Аввалроқ журналистнинг ҳимоячиси Ғалим Нурпеисов тергов Муҳаммадкеримнинг «сиёсий модда бўйича» айбланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси учун пул жўнатиш учун видео остида банк ҳисоб рақамини эълон қилганини «экстремистик фаолиятни молиялаштириш» деб баҳолаганини айтганди.

Журналист 2023 йил июнида ҳибсга олинган, шундан сўнг унинг жазо муддати бир неча бор узайтирилган. Ушбу иш бўйича тергов 2024 йил январь ойида якунланган. Биринчи суд мажлиси 12 февраль куни бўлиб ўтган.

Айбланувчини қўллаб-қувватлаш учун Қўнаевдаги судга ўнлаб одамлар тўпланишган, бироқ милиция ва махсус кучлар уларни суд мажлисига қўймаган, шундан сўнг прокурорнинг илтимосига биноан суд ёпиқ режимга ўтказилган, дея эслатади Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси.

Февраль ойи охирида Думан Муҳаммедкарим суддан тергов изоляторига олиб боришда қийноқлар қўлланилганидан шикоят қилган ва норозилик сифатида ўзини тан жароҳати берган. Ушбу баёнот асосида иш қўзғатилган. Бироқ, кейинчалик «жиноят таркиби йўқлиги сабабли» ёпилган.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда Интернетдаги нашрлар билан боғлиқ бир нечта «шов-шувли» ишлар кўрилди. 2023 йил февралида мустақил журналист ва ABZHAN NEWS Телеграм канали муаллифи Махамбет Абжан товламачилик ва қаддан ёлғон маълумотларни тарқатишда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ўша йилнинг декабрь ойида Олмаота жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди журналистлар Владимир ва Наргиз Севернийларни ўта йирик миқдорда товламачилик иши бўйича 7 ва 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шу йилнинг февраль ойида чимкентлик журналист Марина Низовкина Instagramдаги нашрлари учун (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли) 1,4 минг доллар жаримага тортилган. Суд уни шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ермахон Абдрамоновга туҳмат қилганликда айбдор деб топган.

Бундан ташқари, 5 август куни «Қасддан чақимчилик» ва «Қасддан ёлғон маълумотларни тарқатиш» моддалари билан айбланаётган журналист Донияр Адилбековнинг иши бўйича суд жараёни бошланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ