2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 29,25 ёшни ташкил қилган. Шу билан бирга, эркакларнинг ўртача ёши 28,5 ёшни, аёлларники 30 ёшни ташкил этади, дея хабар беради Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.
Йигирма йил аввал, яъни 2004 йили эркакларнинг ўртача ёши 24,8 ёшни, аёлларники 26,1 ёшни ташкил этган.
Ўзбекистон аҳолисининг 56,35 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда ҳисобланади.
2024 йилнинг биринчи ярми якунига кўра, 2017 йилдан буён доимий равишда ўсиб бораётган туғилганлар сонининг қисқариши кузатилган. Агар 2023 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 434,6 минг киши туғилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида – 419,9 минг нафар, уларнинг 52 фоизи ўғил болалардир.
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 2024 йил 1 июль ҳолатига кўра 37,134 миллион кишини ташкил этган.
Республикага хориждан 1080 киши кўчиб келган: 390 нафари Россиядан, 260 нафари Қозоғистондан, 78 нафари Қирғизистондан, 116 нафари Тожикистондан, 22 нафари Туркманистондан, 214 нафари бошқа давлатлардан келган.
Ўзбекистондан 5066 киши бошқа давлатларга кўчиб ўтган. Кўпчилик – 4128 киши ёки жами 81,5% Қозоғистонга кўчиб ўтган. Россияга доимий яшаш учун 760 нафар, Жанубий Кореяга 37, Қирғизистонга 34, Туркманистонга 14, қолган 93 нафари бошқа давлатларга кетган.
ℹ️ Аввалроқ Ўзбекистон статистика бошқармаси 2000-2020 йиллари 1 107 584 нафар фуқаро доимий яшаш учун хорижга кетганини хабар қилганди. Эмигрантларнинг энг кўп сони 2005 йилга тўғри келади — ўшанда 104 991 киши мамлакатни тарк этган. Эслатиб ўтамиз, ўшанда Андижон воқеалари юз берганди, натижада ўша йил Ўзбекистондан хорижий демократик институтлар чиқариб юборилиши, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларнинг таъқиб этилиши ва ҳибсга олиниши, Ғарб давлатлари томонидан санкциялар жорий этилиши билан ёдда қолганди. Бир неча йил ўтгач, санкциялар бекор қилинган.