Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси ўринбосари Марат Колкобаевни лавозимидан озод қилди, деб хабар беради Оқўрда сайти.
Мазкур қарор сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, Колкобаев 62 ёшда ва у нафақага чиққани сабабли МХҚ раиси ўринбосари лавозимини тарк этган бўлиши мумкин. Колкобаев 40 йил хавфсизлик идораларида хизмат қилган. У 2013 йил октябрь ойида МХҚ раҳбари ўринбосари бўлган. Бунгача у Миллий хавфсизлик қўмитасининг 9-тергов бошқармасида ишлаган, Остона Миллий хавфсизлик қўмитаси депортаментини бошқарган.
ORDA.kz нашрининг аниқлик киритишича, Колкобаев январь ойида мамлакатда рўй берган тартибсизликлар, жумладан унинг собиқ хўжайини, давлатга хиёнатда айбланган Карим Масимов ишини тергов қилишда иштирок этган. Генерал-майор унвони билан лавозимини тарк этган. У 2-даражали «Даңк», 2-даражали «Айбын» орденлари ва идоравий орден ва медаллар билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда Қантар ёки «Қонли январ» деб ном олган январь воқеаларидан сўнг Масимовнинг тўрт нафар собиқ ўринбосари судланиб, турли муддатларга қамалган эди. Энг гуманли ҳукм — саккиз йиллик шартли жазо собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишга нисбатан чиқарилганди. У ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда айбланган. Абиш суд қарори билан генерал унвони ва давлат мукофотларидан маҳрум этилган.