Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз фармони билан замонавий қирғиз давлатчилиги асосчиларининг рўйхатини тасдиқлади.
Рўйхатга беш киши киритилган:
✅ Ишенали Арабаев (1882-1933), педагог, қирғиз мактаблари учун биринчи дарслик -«Қирғиз алиппеси» муаллифи, қирғиз тилидаги биринчи «Эркин-Тоо» газетаси муҳаррири, «Манас» достонини йиғиш ва ёзиб олиш гуруҳи раҳбари;
✅ Иманали Айдарбеков (1884-1938), Қора-Қирғиз инқилобий қўмитаси раҳбари (1924-1925), Қирғизистон АССР Бош суди раиси (1927-1929), кейинчалик республика Енгил саноат ва савдо халқ комиссари;
✅ Абдиқадир Ўрозбеков (1889-1938), чор армиясига сафарбарликка қарши Марказий Осиё қўзғолони иштирокчиси (1916), Қирғизистон АССР / Қирғизистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси президиуми раиси (1927-1937);
✅ Абдикерим Сидиқов (1889-1938), қирғизлар тарихи ва генеалогиясига оид асарлар муаллифи. 1916 йил Марказий Осиё қўзғолонини бостиришда кўрсатган ёрдами учун 3-даражали Муқаддас Станислав ордени билан тақдирланган. У қирғиз халқининг автоном давлатчилигини яратиш ғоясини илгари сурганлардан бири бўлган. 1922 йил декабрда у СССРни ташкил этган Советларнинг таъсис қурултойида ягона қирғиз делегати бўлган;
✅ Жусуп Абдраҳманов (1901-1938). 1920 йиллар бошида у Абдикерим Сидиқов, Ишенали Арабаев ва бошқалар билан биргаликда Туркистон Республикаси таркибида Тоғли ўлка ташкил этиш таклифини илгари сурган. 26 ёшида Қирғизистон АССР Халқ Комиссарлари Совети раиси этиб тайинланган.
«Айнан улар 20 асрдаги янги давлатчилик негизида туриб, қирғиз халқи ўз тили, маданияти ва тарихи билан Марказий Осиёнинг бошқа халқлари қатори ўз давлатини яратишга ҳақли эканини асослаб, исботлаб беришди», — дейилади президент фармонида.
Қайд этилишича, юқорида қайд этилган шахсларга «Асосчи оталар» унвонининг берилиши «мамлакатнинг бошқа атоқли давлат ва сиёсий арбобларининг ватан олдидаги хизматларига ҳечам камситмайди».
Фармон Қирғизистонда бу йили нишонланадиган Қора-Қирғиз автоном вилояти ташкил топганининг 100 йиллигига (14.10.1924) бағишланган.
«Қора-Қирғиз Автоном вилояти, кейинчалик Қирғизистон Автоном Совет Социалистик Республикаси ва Қирғизистон Совет Социалистик Республикасининг ташкил топиши билан боғлиқ тарихий воқеа Қирғизистоннинг келажакдаги тарихи учун ғоят катта аҳамиятга эга бўлиб, у пировардида суверен Қирғизистон Республикасининг асосига айланди», – дейилади фармонда.
Жапаров асосчи оталар хотирасини ҳурмат қилишни ҳар бир қирғизистонликнинг муқаддас бурчи деб қарор қилди ва ҳукуматга шундай кўрсатма берди:
👉 мактаб ўқувчилари ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича уларнинг фаолияти тўғрисида материаллар ишлаб чиқиш ва тарқатиш;
👉 асосчи оталар хотирасини абадийлаштириш бўйича аҳоли ўртасида ахборот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
👉 ушбу мавзу бўйича илмий-амалий конференциялар ўтказилишини таъминлаш.
ℹ️ Таъкидлаш жоиз, давлат асосчилари рўйхатига киритилган шахсларнинг барчаси 1930 йиллари қатағонга учраган. Ишенали Арабаев 1933 йили судгача етиб бормай қамоқда вафот этган, бир версияга кўра, у ўз жонига қасд қилган. Қолганлари 1938 йили отиб ташланган. 1950 йиллари уларнинг барчаси реабилитация қилинган.